Австриянинг «Doppelmayr» компанияси Сурхондарё вилоятида 20 млн еврога осма канат қуришни режалаштиряпти. Бу ҳақда UzA хабар берди.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг Венгрияга ташрифи чоғида «Денов Олтин Дон» компанияси ва «Doppelmayr» компанияси ўртасида Сангардак қишлоғида ҳаводан ўтувчи канат қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланган.

Лойиҳа доирасида даранинг тепасидан тоғ ва сўлим қишлоқни томоша қилиш учун махсус майдон, томоша майдонига чиқиш учун йўлак ва зиналар, кириш қисмига стелла ва енгил конструкцияли уйлар қурилади. Шунингдек, ресторан, от ва туяда сайр қилиш, мини спорт майдончалари, оилавий пикник ва махсус селфи зоналари, ўйин ва рақс майдончалари ҳам барпо этилиши режалаштирилган. 

Канат йўлининг узунлиги 1200 метрни ташкил этади.