Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги Тошкент кимё-технология институти қошидаги академик лицей негизида қайтадан мактаб ташкил этиш таклиф қилинди. Gazeta.uzʼнинг хабар беришича, бу ҳақда туман ҳокими Баҳодир Абдувалиев пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов билан учрашувда билдирган.
Қайд этилишича, 9 апрел куни Шавкат Умурзоқов туманга ташрифи чоғида Юнусобод ҳокими Шоштепа ва Акбаробод маҳаллалари инфратузилмаси ва қиёфасини яхшилаш бўйича тақдимот ўтказган.
Унда Абдувалиев Мега Планет савдо маркази ёнидаги 26,5 гектар майдонда жойлашган Акбаробод маҳалласини ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида гапирган. Таъкидланишича, у ердаги 21 та уйда 3 248 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Сайтнинг келтиришича, ҳоким маҳаллага авваллари шу ҳудудда бўлган мактаб зарурлигини, 2007 йилда 960 ўринли мактаб биноси Тошкент кимё-технология институти қошидаги академик лицейга берилгани, аммо шунга қарамай, у атиги 30 фоиз қувват билан ишлаётганини айтган. Бинонинг бир қисми мусиқа мактабига айланган.
“Лицейга сектор мудири билан шахсан ўзим ташриф буюрдим. У ерда фақат 30 фоиз ўқув хоналари банд, вилоятлардан келган талабалар таҳсил олишади. Синф хоналарининг 70 фоизи бўш. Шу боис лицей биносини кимё саноати тизимидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги балансига қайтариб, ўша ерда яна мактаб ташкил этишни таклиф қиламан. Бу маҳалла учун зарур”, — деган ҳоким.
Пойтахт ҳокими Умурзоқов бу таклифни кўриб чиқишни таъкидлаб, лицейни кўчириш учун жой ажратиш зарурлигини билдирган.
Қўшимча қилинишича, туман ҳокими лицей ҳудудидаги 27,5 сотихли учта бўш ер участкасини “ўлик ва фойдаланилмаётган ҳовуз” деб атаб, унинг аукцион орқали сотилишини ҳамда шу йўл билан 22,5 млрд сўм (1 сотих учун 65 минг доллар) жалб қилиниши кутилаётганини маълум қилган. Савдодан тушган маблағни маҳаллани ободонлаштириш, мактабни таъмирлашга йўналтириш режалаштирилган.
2024 йилда Акбаробод маҳалласида 9,5 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.
“Мактаблардан қўлингизни тортинг: мактаблар ҳудуди фақат таълим учун фойдаланилиши керак!”
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг масалага эътибор қаратишича

















