Жаҳон | 10:32 / 25.04.2024
1850
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати қўпорувчилик учун 35 йилгача қамаш ғоясини қўллаб-қувватлади

Давлат думаси диверсия учун максимал жазони 30 йилдан 35 йилгача ошириш бўйича тузатишлар тайёрлади ва уни ҳукуматга киритишни режалаштирмоқда.

Фото: Sergei Fadeichev/dpa/TASS/picture alliance

Россия ҳукумати қўпорувчилик жиноятлари учун (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 281-281.3-моддалари) максимал жиноий жавобгарликни 30 йилдан 35 йилгача ошириш таклифини қўллаб-қувватлади, деди Давлат думасининг Хавфсизлик ва коррупция қарши кураш қўмитаси раҳбари Василий Пискарев 24 апрел, чоршанба куни.

Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришларни у ҳамкасблари билан биргаликда тайёрлаб қўйган ва «яқин келажакда» ҳукуматга киритилади. Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра, максимал жазони 30 йилдан 35 йилгача ошириш таклиф қилинмоқда. Депутат Жиноят кодексининг ушбу моддаларига яна қандай ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинаётганини очиқламади. 

Депутат тузатишлар заруратини «диверсия фаоллиги кучайиши» билан изоҳлади

Бундан ташқари, сиёсий, мафкуравий, ирқий, миллий ёки диний адоват асосида содир этилган мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш учун жавобгарликни ошириш таклиф этиляпти (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми). Ушбу моддада кўрсатилган максимал жазо ҳозирда 5 йилга озодликдан маҳрум этишни ташкил қилади.

«Ушбу тузатишлар махсус операция (Украинадаги уруш) шароитида хавфсизликни мустаҳкамлаш учун муҳим ва ҳукумат уларни қўллаб-қувватлади», деб ёзади Пискарев. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид