Украинада урушнинг 804-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Владимир Путин бешинчи муддатга президентлик лавозимига киришди ва ўз нутқида уруш иштирокчиларига миннатдорчилик билдирди.
- Олаф Шолц Евроиттифоқдагилар Россия активларидан келадиган даромадларни Украинанинг ҳарбий эҳтиёжлари учун фойдаланиш бўйича келишиб олишганини маълум қилди.
- Россия бош прокуратураси Freedom House ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотини «исталмаган» ташкилот деб эълон қилди.
- The Independent газетаси хабар беришича, Россия Қрим кўпригидан қуроллар ташишда фойдаланишни тўхтатган.
- Украина хавфсизлик хизмати ФСБ жосуслари тармоғи фош этилгани ҳақида хабар берди. Махсус хизматлар тасдиқлашича, улар Володимир Зеленскийга суиқасд уюштиришга тайёрланишган.
- Беларусда тактик ядровий қуролларни «тўсатдан текшириш» бошланди.
Оккупация қилинган Авдийивкадаги вайронгарчиликлар
Россия қўшини Донецк областидаги Авдийивка шаҳрини феврал ойи охирида эгаллаб олганди. Бир неча ой давомида олиб борилган жанглар вақтида Авдийивка жиддий зарар кўрган. Кўплаб бинолар тўлиқ вайрон бўлган. Март ойида РФ вице-премери, ҳукуматда бошқа соҳалар қатори қурилиш комплексини назорат қиладиган Марат Хуснуллин Авдийивка ҳақида шундай деганди: «Шаҳар худди Мариупол каби шикастланган. Ишончим комилки, бизнинг жасур ҳарбий хизматчиларимиз тўқнашув чизиғини ортга суриши билан барчасини тезкорлик билан тиклаш имкони бўлади». Авдийивкани «тиклаш» ишлари ҳали бошланмаган, аммо аллақачон Россиянинг унга «оталиқ» қиладиган региони белгилаб олинган — бу Челябинск области бўлади. Қуйида Авдийивканинг бугунги кундаги манзаралари акс этган суратлар келтирилади.



























