Россия қўшини 10 май куни Харкив областининг чегарадош ҳудудларида ҳужумга ўтди. Жума куни тонгда икки томоннинг ҳарбийлашган телеграм-каналларида Россия қўшини Белгород области томондан Украинанинг чегарадаги қишлоқларига кириб келишга уринаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

«Харкивга: Россия армияси чегарадан юриш бошлади», — деб ёзган россиялик пропаганда ресурси Colonelcassad.

«Бугун эрта тонгда Харкив ва областдаги объектлар бўйлаб фаол ракета-артиллерия ва бомба зарбаларига старт берилди. Шунингдек, РФ қуролли кучлари қуруқлик қисмлари Харкив областининг Чугуйив райони Волчанск шаҳри йўналишида фаоллашгани ҳақида хабарлар келмоқда», — дея ёзган «Военний осведомител» ҳарбийлашган телеграм-канали ҳам.

Чегарадаги вазият кескинлашганини дастлаб Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов тасдиқлади: у россияликлар регион шимолини ўққа тутишни кучайтирганини ва диверсия-разведка гуруҳлари чегарадан ўтиш учун муваффақиятсиз уринишларни амалга оширишганини маълум қилди.

«Украина қуролли кучлари позицияларни ишонч билан ушлаб турибди: бир метр ҳам бой берилгани йўқ. Рақиб гуруҳи Харкив учун таҳдид солмаяпти, унинг кучлари фақат шимолий йўналишда провокация қилиш учун етади», — деган Синегубов.

Харкивда хусусий сектор ўққа тутилишидан кейин чиққан ёнғинни ўчириш учун келган ўт ўчирувчилар навбатдаги зарба хавфи туфайли ертўлага яширинган. 2024 йил 10 май
Viacheslav Mavrychev / Suspilne Ukraine / JSC «UA:PBC» / Global Images Ukraine / Getty Images

Кўп ўтмай Украина мудофаа вазирлиги ҳам баёнот берди. Вазирлик ўтган кун мобайнида рақиб Волчанск йўналишида бошқарилувчи авиабомбаларни қўллаган ҳолда зарбалар йўллаган, тунда эса мудофаанинг олдинги марраларини артиллериядан ўққа тутган. 

«Эрталабки соат 5 ларда рақиб зирҳли техникалар орқали бизнинг мудофаа чизиғини ёриб ўтишга уринишни амалга оширди. Айни вақтга келиб ҳужумлар қайтарилган, аммо турли интенсивликдаги жанглар давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Ушбу ҳудудда мудофаани кучайтириш учун захира бўлинмалар йўналтирилган.

Харкив областида «шиддатли жанг кетаётгани» ҳақида Украина президенти Володимир Зеленский ҳам баёнот берди. У россияликларнинг юриши артиллерия зарбалари билан тўхтатилганини таъкидлади.