Kun.uz таҳририятига Андижон шаҳридаги мактаблардан бирида ўқувчиларнинг ота-оналаридан мурожаат келиб тушди. Унда, мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари 6-синфда таҳсил олаётган айрим қизларга мунтазам равишда тегажоғлик қилиб келгани айтилади.
“Буларда бир қиз бор, синфхонага кирганда "завуч" шу қизнинг қўлидан ушлаб олаверар экан. У қиз исми айтилганда ғалати бўлиб, ерга қараб, қочиб кетгиси келаверар экан.
Қизим синф раҳбарига "синфдошимизга тегинади, қандайдир ғалати қарайди", деса, синф раҳбари, ҳечқиси йўқ, у шундай тушунтиради, деб жавоб қилган. Ўқитувчилар бу нарсадан қўрқяпти, гапирмаяпти.
Қизчанинг онаси вафот этган, отаси ичкиликка берилган, кекса буваси бор”, – дейди оналардан бири.
Мурожаатчиларга кўра, директор ўринбосари дарсдан кейин 2-3 нафар қизларни хонасига олиб кириб кетади. Баъзи ҳолатларда дарс вақтида ҳам шундай бўлгани айтиляпти.
Таҳририятга тақдим этилган аудиоёзувда ҳам шу ҳақда сўз боради. Унда мактаб раҳбариятидан 2 нафар аёл жабрланувчи қизларнинг синф раҳбари билан суҳбатда бўлган.
47 дақиқалик суҳбат давомида мактаб раҳбарияти бу вазиятнинг очиқланиши муассаса обрўсига путур етказишини, “замдиректор” ундай инсон эмаслигини, балки ҳамма гап қизларнинг ўзида бўлиши мумкинлигини айтган.
Синф раҳбари эса атиги 12 ёшга тўлган қизларда бундай “кайфият” бўлмаслигини, бу вазиятда эркак ходимдаги боғлиқлик кўпроқ эканини таъкидлаган.
Воқелар ортидан ота-оналар 4 кундан бери мактабга боласини жўнатмаётганини, 10 май куни Андижон мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига шикоят қилиб, “замдиректор”дан ўз хоҳиши билан бўшаш тўғрисида ариза ёздиришганини айтди.
“Ҳолатни ИИО ходимлари ўрганяпти, яқин кунларда якуний хулоса тақдим қилинади” – ММТБ
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бўлими матбуот котиби Умархўжа Мадаминовнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, ота-оналар 10 май санасида бошқармага мурожаат қилмаган, аммо шу кунда мактаб директори ва ўша директор ўринбосари чақиртирилган.
Таъкидланишича, ”замдиректор” ўз хоҳиши билан бўшаш тўғрисида ариза ёзган, лекин касаллик таътилига чиқиб кетгани сабаб бу ариза қабул қилинмаган.
















