14 май куни эрталаб Кремл сайтида Россия Президенти администрацияси (ПА) раҳбариятининг янги таркиби эълон қилинди. Meduza нашрининг таҳлилига кўра, кўплаб асосий амалдорлар, жумладан, президент маъмурияти раҳбари Антон Вайно, шунингдек, унинг биринчи ўринбосарлари Сергей Кириенко (ички сиёсат учун масъул) ва Алексей Громов (ҳукуматпараст оммавий ахборот воситаларининг бош куратори) ўз лавозимларини сақлаб қолди.
Шу билан бирга, Вайнода янги ўринбосар пайдо бўлди - президентнинг иқтисодиёт бўйича собиқ ёрдамчиси Максим Орешкин. Путинда эса икки нафар янги ёрдамчи: Хавфсизлик Кенгашининг собиқ котиби Николай Патрушев (баъзи экспертлар уни ҳозирги тузумнинг энг нуфузли шахсларидан бири деб аташган; энди у гўёки «кемасозлик масалалари»ни назорат қилади), шунингдек, Тула собиқ губернатори Алексей Дюмин (у «мудофаа саноати, спорт ва Давлат кенгаши масалалари» билан шуғулланади).
Қайд қилинишича, қайта сайлангандан сўнг, Путин «ҳокимият вертикалида» кўплаб амалдорлар кутган кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширмади. Янгиланган ҳукумат таркибидаги асосий ўзгариш Бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Андрей Белоусовнинг мудофаа вазири лавозимига ўтиши бўлди - Сергей Шойгу, ўз навбатида, Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида Николай Патрушев ўрнини эгаллади. Meduza нашрининг Кремлга яқин бўлган икки суҳбатдоши Патрушевнинг истеъфоси ҳақида хабар топганда «ҳайратда қолганини» тан олишди, бироқ унинг «кемасозлик масалалари» бўйича Путин ёрдамчиси бўлиши янада «ҳайратланарли» эди.

«Агар «клан» ҳақида гапирадиган бўлсак, у [Патрушев] кичик бўлса-да, бир кланнинг бошлиғи эди. Унинг ўғли Дмитрий қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган [ва энди Бош вазир ўринбосари бўлди]. Унинг ўзи Хавфсизлик Кенгаши раҳбари сифатида ўта нуфузли лавозимини эгаллаган эди, у ҳеч қандай муаммосиз кланни ҳимоя қила оларди. Энди ҳам шундай бўладими? Бунга ишонмайман», деди улардан бири.
Яна бир манба 2016 йилдаги мудофаа вазири, ўз вақтида Путиннинг ўрнига номзод сифатида кўрилган Сергей Иванов ҳам президентнинг атроф-муҳит бўйича ёрдамчиси лавозимига ўтганини эслайди.
«Аммо [Иванов] буни ўзи сўради, 2014 йилда ўғлининг ўлими унга чиндан ҳам ёмон таъсир қилди. Николай Платонич [Патрушев] эса кетмоқчи эмасди», деди суҳбатдош.

















