Ўзбекистон | 11:33 / 22.05.2024
29627
2 дақиқада ўқилади

Термиздаги ресторанда ҳарбий хизматчи фуқарога тан жароҳати етказди. Зобит маст ҳолда бўлгани айтилмоқда

Ўзаро келиб чиққан тортишувдан сўнг ҳарбий қисм зобити омма олдида фуқарони сўкиб ҳақорат қилган ва уриб тан жароҳати етказган.

Термиз шаҳрида жойлашган ресторанда ҳарбий зобит (исми-шарифи таҳририятга маълум) фуқаро билан жанжаллашиб қолган ва уни уриб тан жароҳати етказган. Бу ҳақда Kun.uz’га Термиз шаҳрида яшовчи Комил Жумаев хабар бермоқда.

Унинг маълум қилишича 2024 йил 19 май, якшанба куни капитан ҳарбий унвонига эга бўлган зобит фуқаролик кийимида 30 га яқин ҳарбий хизматчи билан Термиздаги Ал-Қаср ресторанига келиб тамадди қилишган ва спиртли ичимликлар ичишган.

Сўнг улар рестораннинг юқори қаватидан туриб пастда туғилган кунини нишонлаб ўйнаётган қизларни видеога ола бошлашган. Шунда Комил Жумаев уларга “қизларни видеога олманглар” деганда ўртада келишмовчилик келиб чиққан.

Шундан сўнг фуқаро кийимида бўлган ҳарбийлар ва Комил Жумаев ресторан ҳовлисига чиқишган ва шу ерда зобит уни уриб, жароҳат етказган.

Таҳририятда жабрланувчи тақдим этган фото ва видео лавҳалар бор. Уларда жамоат жойида сигарет чекиб турган ҳарбий зобит фуқарони сўкиб ҳақорат қилгани ва уни ургани тасвирланган.

Шундан сўнг жароҳатланган фуқаро тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилган.

Жабрланувчининг ёзишича, орадан бир кун ўтгач 20 май куни зобит у ётган касалхонага келган ва даъвосидан кечишини талаб қилган.

Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати ҳолат ҳарбийлар иштирокида содир бўлгани боис ишни ҳарбий прокуратура кўриб чиқишини маълум қилди.

Kun.uz мазкур ҳолат бўйича изоҳ сўраб Мудофаа вазирлиги ва Ҳарбий прокуратурага сўров юборди.

Мавзуга оид