Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво маркази Ислом динида биткоин, ноткоин ва бошқа шу каби криптовалюталарда савдо-сотиқ қилишга муносабат қандайлиги ҳақидаги саволга жавоб тариқасида эълон қилган хабарига тузатиш киритди.
Аввалроқ, Фатво маркази криптовалюталарни ўзаро айирбошлаш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш шаръан жоиз эмаслигини, чунки криптовалюталар шариат томонидан пулга қўйилган талабларга мос эмаслигини маълум қилган эди.
Бу хабарга нисбатан эълон қилинган тузатишда фатво лойиҳаси атрофидаги илмий-тадқиқот ишлари ҳали ниҳоясига етмагани ва замонавий масалаларни кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилаётгани таъкидланади.
Қайд этилишича, Фатво маркази директори Нуриддин Холиқназаров ва унинг ўринбосарлари Ҳаж сафарида бўлиб турибди, хабар эса техник сабабларга кўра, эҳтиётсизлик оқибатида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган.
Фатво маркази узр сўраган ҳолда, ушбу фатво лойиҳаси бўйича илмий тадқиқотларни ниҳоясига етказиб, қайта ҳавола этилишини маълум қилган.
















