Россия қўшини юриш қилаётган Харкив областидаги вазият АҚШни украин ҳарбийларига Россия ҳудудидаги нишонларга Америка қуроллари билан зарба йўллашга рухсат беришга ишонтирган. Бу ҳақда ёзган The Washington Post нашри мақоласида Украина Оқ уйни тақиқни бекор қилишга кўндириш учун 17 кун давомида қандай ҳаракат қилгани тасвирланган.

Март ойидаёқ мулозимлар РФ қўшини Харкив яқинидан ўтган Россия-Украина чегарасида қўшин тўплаётганини пайқашган. Март ойи ўрталарида авиабомбалар билан Харкив области шиддатли равишда  ўққа тутила бошланган, бу ҳужумлар оқибатида ҳудуднинг энергетика инфратузилмаларига жиддий шикаст етказилган ва областнинг катта қисми электрсиз қолган.

Мақолада айтилишича, Украина раҳбарияти ўшандаёқ вазиятдан ташвишга тушган, аммо ўша вақтдаги қалтисликни ҳам англаб турган, чунки ўшанда АҚШ конгресси Киевга 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ажратиш масаласида ҳамон баҳслашаётганди. Шунинг учун ўшанда Киев Америка қуролларини РФ ҳудудидаги нишонларга қўллаш бўйича тақиқни олиб ташлашни талаб қилмасликка қарор қилган, ҳолбуки АҚШ расмийлари, The Washington Post нашри қайд этишича, аллақачон фронтдаги вазиятни хавотир билан кузатаётганди.

Хусусан, март ойида Киевга АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ташриф буюрган ва украиналик расмийларни Харкив яқинида чегара бўйлаб мудофаа позицияларини тайёрлашга чақирган. Аммо, Украини қуролли кучлари истеҳкомлар қуришга уринаётганида уларни Россия артиллерияси ўққа тутиб турган. Шу туфайли украин ҳарбийлари тун бўйи ишлашига тўғри келган.

Апрел ойи охирида АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллайди ва қурол етказиб беришни бошлайди. Аммо бу жуда кеч рўй беради ва тайёрланган юришни тўхтата олмайди.

Газета саволларига жавоб қайтарган Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари ҳисоблашича, РФ қўшини Харкив областига юришни украинлар ғарб қуролларини қўллашга тақиқ туфайли уларга халал бера олмаслигини билган ҳолда режалаштирган ва уюштирган. 10 май куни Россия юриш бошлаганида, унинг қўшини тезлик билан Харкив яқинида Украинанинг шимолий чегарасини кесиб ўтган ва шаҳарни оккупация хавфи остида қолдирган.

Украиналик ҳарбийлар Россия армияси юришнинг дастлабки кунларида амалда ҳеч қандай қаршиликсиз Россия ҳудудидан туриб уларни ўққа тута олганини айтишган. Аммо, уларнинг сўзларига кўра, агар Украина Америка қуролларидан РФ ҳудудидаги нишонларга зарба бериши мумкин бўлганида, бунинг олдини олиш мумкин эди.