Россиянинг бутун фронт бўйлаб ҳужуми — Харкивдан Запорижжя областининг Работине қишлоғигача бўлган ҳудудларда — давом эттирилмоқда. Аммо сўнгги ҳафталарда юриш суръатлари секинлашган. Бу қисман Украина қуролли кучлари қўмондонлиги мудофаа учун ўзининг барча оператив захираларини ҳаракатга келтиргани билан боғлиқ. Бунинг ёрдамида Харкив атрофида янги мустаҳкам фронт ташкил этилди ва Авдийивкадан ғарбдаги вазият ҳам барқарорлаштирилди. Аммо бошқа участкаларда — Бахмут ғарбидаги Часив Яр шаҳри атрофида ва Харкив области шарқида, Купянск ва Сватове оралиғида — барқарор мудофаа учун кучлар етишмаяпти.

Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари қўмондонлиги (Украина янги сафарбар қилинаётганлардан янги бригадалар тузиш билан машғул бўладиган ойларда) бундан кейин ҳам «пятнашкада ўйнаши»га — бир неча элита бригадаларидан иборат «ўт ўчирувчи жамоалари»ни бир йўналишдан бошқасига кўчириб юришига тўғри келади. Хусусан, Харкив атрофига, катта эҳтимол билан, Украина денгиз пиёдалари корпуси (денгиз пиёдаларининг учта бригадасидан иборат) кучларининг бир қисми ташланган, бу бўлинмалар бунга қадар бир неча ой мобайнида Днипро дарёсининг сўл соҳилидаги плацдармларда жанг қилганди. Бундай катта кучлар олиб келиниши россиялик «ҳарбий мухбир»ларни ҳам чўчитиб юборди, улар буни Украина қуролли кучларининг Россия қўшинини РФ ҳудудига сиқиб чиқаришга қаратилган қарши ҳужумини бошлашга тайёргарлик сиатида қабул қилишди.

Харкив

  • Россиянинг икки йўналишда — тўғридан тўғри Харкивнинг шимолий чеккаларига ҳамда област марказидан 50 километр шимоли-шарқдаги Вовчанск шаҳрига юриши — узил-кесил тўхтади. РФ қуролли кучлари бўлинмалари ҳамон Вовчанскнинг шимолий қисмини ҳам эгаллай олмади. Улар шаҳарни тенг иккига ажратиб оқувчи Волчя дарёсини кечиб ўта олишмади. Харкивнинг шимолий чекка ҳудуди бўлмиш Липци қишлоғи учун жангларда ҳам сезиларли ўзгариш йўқ.
  • РФ қуролли кучлари жангга захираларни кирита бошлаган: 10 майда Вовчанск яқинида юриш бошланганидан буён илк бор танк бўлинмалари пайдо бўлган (бунга қадар жанг майдонида олинган видеоларда фақат алоҳида ҳаракатланган танкларни учратиш мумкин эди, ҳужумлар асосан артиллерия кўмагида олдинга ташланган пиёдаларнинг кичик штурм гуруҳлари билан олиб борилган).
  • Бироқ, россиялик «ҳарбий мухбир»лар ёзган Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми ҳозирча рўй бергани йўқ: украинларнинг Харкив атрофига ташланган захира кучлари фақат локал қарши ҳужумлар ўтказмоқда, шунингдек РФ қуролли кучларининг ички базаларига артиллерия зарбалари йўллаб, дронлар билан ҳужум қилмоқда. Жумладан, чегаранинг нариги томонида турган рус қўшинлари ҳам зарба остида қолмоқда. АҚШ Украинага етказиб берилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимларидан Россия ҳудудидаги фронт ортига зарбалар йўллашга рухсат берган, шундай экан, яқин вақтлар ичида бундай ҳужумлар янада самарали бўла бошлаши мумкин.