Аввалига қўлида қалам тутишга қиналган Адиса ҳозир дафтарга қунт билан ҳуснихат ёзмоқда, энди у ёзаётган ҳарфлар, айниқса бош ҳарфлар бинойидек чиқмоқда.

— Қаранг, «А» қандай чиройли чиқди! — хурсанд бўлади қиз.

— Яхши, янада ҳаракат қил! — қўллайди онаси.

Ота-она қизининг муваффақиятидан хурсанд. Аммо бунинг ортида қанчалар изтироб ва ташвиш ётгани фақат уларга аён.

— Қўлида чандиқлар бор, бармоқлар қисқа бўлиб қолган. Лекин муҳими, энди қизим қалам тутишни билади, чизиш ва ёзишни ўрганмоқда. Ушбу кўникмаларсиз у қийин даврни бошидан кечирди. Ахир, бир неча йил олдин, унинг ёзиш ёки чизиши мумкинлигини ҳеч ким тасаввур ҳам қила олмасди.

Адиса Абдуллаева

Адиса етти ёшга тўлганда кўплаб болалар сингари мактабга боришни орзу қилса-да, ота-онаси тенгдошлари томонидан масхара бўлишидан қўрқиб, уни уйда ўқитишга қарор қилишди. Унинг олдига тоғли Ургут туманидаги 7-мактабдан ҳар куни ўқитувчилар келади. Қиз ҳеч қачон дарс қолдирмайди ва ўқитувчи кўрсатмаларини астойдил бажаради.

Онасининг (у аноним қолишни афзал кўрди) сўзларига кўра, қиз мактабга боришни ва тенгдошлари билан мулоқот қилишни жуда хоҳлайди. Аммо, она қизидан хавотирда ва албатта биринчи навбатда уни ҳимоясини ўйлайди.

Ўзига хос болаларнинг бундай ҳикоялари кам эмас. Ногирон болалар! Улар ҳам жамиятда боғча ва мактабларга бориш ҳуқуқига эга бўлишига қарамай, муносабатлар ҳали-ҳамон ўша-ўша. Ота-оналар фарзандини мактабга юборишда атрофдагилар томонидан изза ва камситишларга, камчиликларга дуч бўлишидан қўрқишади. Бундан ташқари, ана шундай хавотирда бўлган айрим ота-оналар ҳатто «нуқсонли болани дунёга келтиргани» учун айбдорлик ҳиссини туйишади. Қайғу ва аламга ботиб, барча синовларни фақатгина ўз гарданига олишади.

— Албатта, ҳар бир она ўз фарзандини ҳимоя қилишга ва уни муаммолардан холи қилишга ҳаракат қилади, — дейди Адисанинг онаси. — Оиламизда қизимизнинг мактабга бориши ҳақида савол туғилганда, мен қарши эдим. Назаримда, тенгдошлари боламни масхара қилиб, унинг ногиронлигини рўкач қиладигандек эди. Йиллар ўтиб, фарзандимни чеклаб, уни тенгдошлари билан мулоқот қилишдан маҳрум қилишимни, ривожланишига ва тўгараклар, мусобақалар ҳамда мактабнинг ижтимоий ҳаётида қатнашишига тўсқинлик қилаётганимни англадим. Бола жамиятда ижтимоийлашиши кераклигини тушундим. Ўйлайманки, янги ўқув йилида қизимнинг орзуси ушалади ва у илк бор партага ўтиради.