Ўзбекистон | 09:57 / 15.06.2024
1406
3 дақиқада ўқилади

Сир тутиладиган ахборот ҳимоясига оид қонунчиликни бузганлик учун жиноий жавобгарлик киритилади

Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сир тутиладиган ахборотларни ҳимоялашга оид қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Жиноят кодексининг 191-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

191-модда. Тижорат, банк, солиқ ёки суғурта сири ҳисобланган ахборотни ноқонуний тўплаш, ундан фойдаланиш ёки ошкор қилиш

Тижорат, банк, солиқ ёки суғурта сири ҳисобланган ахборотни ёки бошқа шу каби қонун билан қўриқланадиган ахборотни эгаси бўлган жисмоний ёки юридик шахснинг ёхуд ваколатли органнинг розилигисиз ноқонуний фойдаланиш ёки ошкор қилиш мақсадида ҳар қандай усулда олиш, тўплаш ёхуд ошкор қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) шахс томонидан ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда;

в) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;

г) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёхуд бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;

б) мансабдор шахс томонидан;

в) уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса —икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 46-моддасининг диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

Тиббий сирларни, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар сирларини, худди шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни ошкор этиш, башарти ушбу Кодекснинг 461-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаса”.

Мавзуга оид