Евро-2024 икки гуруҳда дастлабки ўйинлар ўтказилди. Плей-оффга кимлар яқинроқ? Ва 1/8 финалга чиқиш учун қайси жамоаларга кейинги турларда қандай натижалар керак? Қуйида шу ҳақда.

А гуруҳи

А гуруҳида кутилганидек Германия яққол фаворит. Очилиш ўйинида мезбонлар Шотландияни йирик ҳисобда тор-мор этишганди — 5:1. Швейцария ҳам Венгрияни ишончли тарзда мағлуб этиб (3:1) иккинчи ўринда жойлашди.

Венгрия — Швейцария 1:3
Голлар: Варга (66) — Дуа (12), Эбишер (45), Эмболо (90+3). 
Венгрия – Гулачи, Фиола, Орбан, Ланг (Болла, 46), Салаи (Дардаи, 79), Керкез (Адам, 79), Шаллаи, Над (Кляйнҳайслер, 67), Собослаи, Шафер, Варга.
Швейцария – Зоммер, Видмер (Стергиу, 68), Родригес, Шер, Аканжи, Эбишер, Жака, Фройлер (Сиерро, 86), Варгас (Эмболо, 74), Ндойе (Ридер, 86), Дуа (Амдуни, 68).
Огоҳлантиришлар: Видмер (5), Фройлер (59), Салаи (69), Фиола (88).

Венгрларни Евро саралашидаги муваффақиятли иштирок учун (Сербияни ортда қолдириб, гуруҳида биринчи ўрин билан чиққанди) шунчалик кўп мақташдики, бу учрашув арафасида майдонга тенг кучли рақиблар чиқиб келадигандек тасаввур уйғонганди. Амалда эса швейцарияликлар 12-дақиқадаёқ ҳисобни очишди — Квадво Дуа гол муаллифи. Биринчи бўлим давомида ҳисоб 2:0 кўринишига келди — танаффус арафасида Михел Эбишер тўпни дарвоза тўрига михлади.

Иккинчи бўлим эса буткул бошқача бошланди. Венгрлар жонланди ва Швейцария дарвозасига босим уюштирди. Натижада ҳақли гол уришди — Барнабаш Варга 66-дақиқада 23 ёшли сардор Доминик Собослаининг узатмасидан кейин ҳисобни қисқартирди.

Венгриялик улкан гавдали ҳужумчи Мартин Адам Европа чемпионатида кун қаҳрамонларидан бирига айланди. Иккинчи бўлимда захирадан туширилган ҳужумчи барча яккакурашларда устун келди.

Аммо венгрларнинг бундан ортиғига кучи етмади. Вазиятлар камая борди, камбэк қилиш учун вақт ҳам. Швейцария эса учинчи голни ҳам урди: Брил Эмболо Вилли Орбаннинг қўпол хатосидан фойдаланиб, дарвозабон билан яккама-якка чиқиб кетди ва тўпни унинг устидан ошириб ташлади — 3:1.