Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиядаги «номақбул» ташкилотлар: ИҲЕС қонунбузарликларни тан олди
Страсбург суди «номақбул ташкилотлар» билан боғлиқ иш бўйича тўрт нодавлат ташкилот ва бир гуруҳ россияликларга товон пули тайинлади ҳамда Россия ҳукумати уларнинг сўз ва бирлашиш эркинлиги ҳуқуқларини бузган деб топди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) Россия расмийлари томонидан Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенцияси «номақбул» деб аталмиш ташкилотларга оид ишлар бўйича бузилганлигини аниқлади. ИҲЕС қарори 18 июн, сешанба куни суд сайтида эълон қилинди. Бу қарор нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг Россия Федерацияси ҳудудида «номақбул» деб тан олиниши ва «номақбул» ташкилотлар билан алоқаси учун жавобгарликка тортилиши бўйича келиб тушган 85 та шикоятни кўриб чиққандан кейин чиқарилди, дейди адвокат Алексей Прянишников.
Ариза берувчилар аввалроқ Россияда «номақбул» деб тан олинган тўртта ННТ: Free Russia Foundation (АҚШ), Украинлар бутунжаҳон конгресси (Канада), Сиёсий тадқиқотлар мактаблари уюшмаси (Франция) ва Ахборот эркинлиги жамияти (Чехия) бўлди. Россия Федерациясида жойлашган яна учта ташкилот - Андрей Рилков жамғармаси, «Шимолий Кавказда экологик кузатув» ва «Олтойнинг ёш журналистлари» «номақбул» ташкилот фаолиятида иштирок этганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Худди шу модда бир гуруҳ Россия фуқаролари, жумладан, «Очиқ Россия» ҳаракатининг собиқ фаоллари ва 2021 йил март ойида Москвада бўлиб ўтган муниципал депутатлар форуми иштирокчиларига нисбатан ҳам қўлланган.
ИҲЕС Россия расмийлари уларнинг сўз ва бирлашиш эркинлиги ҳуқуқларини бузган деб топди (Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясининг 10- ва 11-моддалари). Россия ҳукумати, суд қарорига кўра, аризачиларга моддий зарарни қоплаши керак (бу ҳар бир аризачи учун ҳар хил), 7500 евро маънавий зарар учун ва суд жараёни билан боғлиқ харажатлар учун 850 евро берилиши лозим.
Россияда «номақбул ташкилотлар» рўйхати
«Номақбул ташкилотлар» мақоми Россия қонунчилигида 2015 йилдан бери қонуний равишда мавжуд. Уларга Россия Федерацияси ҳудудида маъмурий ва жиноий жавобгарлик таҳдиди остида фаолият юритиш тақиқланади. Ушбу ташкилотлар билан ҳамкорлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган.
Ҳозирги вақтда Россия Федерацияси Бош прокуратураси ва Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, «номақбуллар» рўйхатда 160 дан ортиқ тузилмалар мавжуд бўлиб, улар «конституциявий тузум асосларига, хавфсизликка ёки мудофаа қобилиятига таҳдид солади». Мустақил оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари, экологик ва тадқиқот ташкилотлари шулар жумласидандир.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025