Спорт | 17:10 / 20.06.2024
9163
7 дақиқада ўқилади

Евро-2024: яна бир Болқон дербиси ва Европа футболи классикаси

Футбол мухлисларини Европа чемпионатининг еттинчи кунида ҳам кучли жамоалар қарама-қаршилигидан иборат иккита учрашув кутмоқда.

Фото: Getty Images

Германия шаҳарлари мезбонлигидаги Европа чемпионатида 2-тур ўйинлари давом этади. Бугун, 20 июн куни яна учта ўйин ўтказилади. Улардан бири – финалдан олдинги финал мақомига эга.

Словения — Сербия: принципиал учрашув (18:00/ Zo'rTV)

Словенияликлар биринчи турда номдор рақиб бўлган данияликларга ютқазмасдан, шов-шув кўтарганди. Иродали дурангдан кейин (1:1) Delo газетаси миллий жамоа «Германиядаги орзу томон биринчи қадамни ташлагани» ҳақида ёзди. Бу баландпарвоз гапдек эшитилади, аммо Матяж Кек шогирдлари чиндан ҳам плей-оффга йўлланма олиш имкониятига эга.

«Биринчи ўйинда у қадар иложсиз эмаслигимизни ҳис қилганимиздан кейин биз чинакамига ўйнай бошладик», — деган Кек.

Драган Стойкович жамоаси эса довруқли Англияга қарши икки хил бўлим намойиш этганди. Биринчи бўлимда гол уриб олган инглизлар ўйинни тежамкор режимда давом эттиришди. Танаффусдан кейин Тадич майдонга тушганида ўйин картинаси ўзгарди ва серблар ишончли ҳаракат қила бошлашди ва рақиб дарвозаси атрофида қатор вазиятлар яратилди, аммо ҳисобни тенглаштиришнинг имкони бўлмади. Ўйиндан кейин Душан мураббий уни бошланғич таркибда туширмаганидан норози бўлиб, уни матбуот орқали танқид қилиб чиқди. Аммо бу аллақачон ҳал қилинган кичик можаро: сардор мураббийдан узр сўраган.

Сербия миллий жамоаси лагеридагилар Словенияга қарши ўйинни — гуруҳ босқичидаги ҳал қилувчи ўйин деб ҳисоблашмоқда. Жамоа Мюнхенда уч очкога эга бўлиш учун бор кучини ташлайди.

Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Стойкович ва Митрович Евро-2000 гуруҳ босқичида Словения ва Югославия ўртасида кечиб, 3:3 ҳисобида якунанган ақл бовар қилмас ўйинни эслашди. Миллий жамоа бош мураббийи ўшанда футболчи сифатида захирадан тушган, Митрович эса ўз кумирларини телевизор орқали кузатган. Ҳужумчи бу сафари ўйин ҳам шу каби ёдда қоларли бўлишига умид билдирди. Болқон дербиси иккинчи турнинг ҳақиқий безаги бўлиши кутилмоқда.

Сербларнинг бу сафарги рақиби кўпроқ бўшлиқлар қолдириши тайин. Жамоанинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ: мағлубият амалда Сербияни плей-оффга чиқиш имкониятидан маҳрум этади. Аммо Словенияга ҳам ғалаба лозим: 3-турда Англияга қарши ўйнаш керак бўлади ва у ерда очко олиш учун деярли имконият бўлмайди.

Дания — Англия: Кейн гол урадими? (21:00 / Zo'rTV)

Британиялик журналистлар Сербия устидан кичик ҳисобда ғалаба билан кифояланган Гарет Саутгейтни аёвсиз танқид қилишди. Уларни қисман тушуниш мумкин: мураббий ўз ихтиёрида Кейн, Беллингҳем, Сака, Фоден, Палмер, Райс, Александер-Арнолд каби ҳужумкор футболчилар борлигига қарамай, натижа учун ўйнашни танлади ва ҳисоб очилганидан кейин ҳужум қилишни тўхтатди. Данияликларга қарши ўйинда ҳам кўп нарса ўзгариши даргумон, мухлисларни курашларга бой, лекин прагматик футбол кутаётгани эҳтимоли юқори.

Бу икки жамоа бир-бирини жуда яхши билади. Уч йил муқаддам Евро-2020 яримфинали доирасида Дания сенсация амалга оширишга жуда яқин келганди, аммо Кейн овертаймларда учрашув тақдирини ҳал қилганди. Бу сафарги турнирда эса Ҳарри ҳозирча ўз голлар ҳисобини очмади. Балки инглиз тўпурари бугун танқидчиларининг оғзини ёпар?

Англия бугун плей-офф йўлланмасини ҳал қилиши мумкин, Дания эса ютқазса, 1/8 финал учун имкониятларини кескин тушириб юборади. Инглизлар нафақат бу ўйинда, балки чемпионлик учун ҳам фаворит, аммо данияликлар масъулиятли паллада максимум куч билан ҳаракатлана олади.

Испания — Италия: Европа футболи классикаси (00:00/ Zo'rTV)

Евро-2020 ўйинларидан яна бир ремейк. Ва бу жамоалар ҳам яримфиналда учрашганди. Ўшанда италянлар испанларни пеналтилар сериясида мағлубиятга учратган (4:2).

Умуман олганда, испанлар ва италянлар Европа чемпионатида қаторасига бешинчи бор ўйнайди, улар жами етти бор ўзаро тўқнашган. Сўнгги икки ҳолатда (2016 ва 2021 йиллар) Италия ғалаба қозонган. Аммо ҳозир учрашув қандай якунланишини тахмин қилиш қийин.

Испания биринчи турда кутилмаганда Хорватияни йирик ҳисобда мағлуб этди (3:0), голларнинг барчаси биринчи бўлимдаёқ урилди. Италянлар эса характер кўрсатишига тўғри келди, Албания билан ўйиннинг илк дақиқасида тўп ўтказиб юборилгач, жамоа тезда ўзига келди ва вазиятни ўнглади (2:1). Қийинчилик билан бўлса-да, уч очко қўлга киритилди.

Евро-2024 турнирида бу биринчи супертоп даражадаги афиша, Европанинг классик қарама-қаршилиги бўлади. Бу икки жамоанинг ҳозирги ўйин услуби ҳам бир-бириникига жуда яқин. Бу ҳақда испанлар устози Луис де ла Фуэнте ҳам гапирди:

«Улар яқинда жамоани янгилашди, уларда ёш йигитлар бор. Улар қандай курашишини кузатиш менга ёқади. Италияда маҳоратли футболчилар кўп, тажрибали футболчилар ҳам. Италияни кузатиш — бу худди ўз аксингга қарашдек».

Европанинг амалдаги чемпионлари уларни иккинчи турда қандай мураккаб вазифа кутаётганини тушунади. Испанлар тўпга эгалик қилиб, кучли босим ҳисобига уларни жарима майдонига қамаб қўйишга ҳаракат қилади. Аммо «Қизил фурия» устидан ғалаба қозониш рецепти барибир мавжуд, буни Бастони шундай атаган: «Испаниянинг заиф томонини пайпаслаб топиш ва шу ерга зарба бериш».

Бу учрашув ғолиби плей-оффга биринчи ўрин билан чиқиш масаласини 100 фоизга ҳал қилади. Бир кун олдинги ўйинда Албания ва Хорватия биттадан очко олди, очколар тенг келиб қолганида турнир жадвалидаги жойлашув эса ўзаро учрашувлар натижасидан келиб чиққан ҳолда бўлади. Гуруҳ ғолибига плей-оффда нисбатан кучсизроқ рақиб тушади. Агар Италия ва Испания ҳам дуранг ўйнаса, уларда тўрттадан очко жамғарилади. Бу ҳолда биринчи ўрин учун кураш охиригача давом этади, аммо икки жамоа ҳам амалда 1/8 финал йўлланмасини ҳал қилади. Янгиланган Евро тарихида ҳали тўрт очко билан ҳам гуруҳда қолиб кетиш ҳолати рўй бермаган.

Мавзуга оид