Воқеа қандай бўлди?
4 июн куни миллий тиббиёт имтиҳони натижалари эълон қилингач, 67 номзод максимал 720 балл олгани маълум бўлди. Миллий тиббиёт имтиҳони жорий қилинган 2016 йилдан бери бунақаси илк марта кузатилиши. Шу пайтгача ҳар йили 1-3 ва ҳатто айрим йиллари борорта ҳам талаба юқори баллни қўлга кирита олмай келар эди.

Бу йил 650-680 каби юқори балл олганлар сони ҳам ошиб кетди ва тиббиёт олийгоҳларига киришдаги рақобат ҳам кучайди. Бу абитуриент ва ота-оналар норозилигига сабаб бўлди. Улар имтиҳон ўтказишда хатолик бўлганини айтиб, буни аниқлаш учун суриштирув ўтказишни талаб қилишяпти. Бироқ МТА айбловларни рад этиб, бу йил кўп талаба имтиҳон топширгани учун ҳам баллар кўтарилиб кетган деган баёнот берган. Шунингдек, 1563 нафар номзодга имтиҳон марказларидаги кечикишлар ва физика саволида иккита тўғри жавоб бўлгани учун “имтиёзли балл” берилгани маълум қилинган. 67 нафар юқори балл тўплаганларнинг 50 нафари айнан шу имтиёз сабабли энг юқори баллга эга бўлган.

13 июн куни Ҳиндистон олий суди норозилар кўплиги учун қўшиб берилган имтиёз баҳоларини бекор қилди. Олий суд имтиёзли балл олган талабаларнинг қайта тест топширишини сўраган ва бу 23 июн куни ўтказилиши режалаштирилган. Аммо намойишчилар суд қарори улар кўтарган каттароқ муаммоларни, масалан, саволлар сиздирилиши, фирибгарлик ва тизимли коррупция каби айбловларни кўриб чиқмаётганидан норози.
Миллий тиббиёт имтиҳони нима?
Миллий мувофиқлик тести (бакалавриат) ҳиндистонликлар учун тиббиёт олийгоҳларига киришда кўприк вазифасини бажаради. У мамлакатдаги энг йирик имтиҳонларни ўтказувчи давлат ташкилоти Миллий тест агентлиги (МТА) томонидан ўтказилади.
Бу тестни ҳар йили миллионлаб талабалар топширади, бироқ кам қисмигина олийгоҳга кириш учун етарли балл йиға олади. Бу йил эса кўп номзодлар жуда юқори балларни қўлга киритган. Бу эса юқори балл олган бошқа номзодларнинг тиббиёт олийгоҳларига киришини қийин қилиб қўйди. Имтиҳон натижалари эълон қилингач, номзодлар ва ота-оналар тестни қайта ўтказишни талаб қилишни бошлади. Судлар ўнлаб аризалар билан тўлди.
Миллий тест агентлиги тест варақалари чиқиб кетгани ҳақидаги айбловни рад этди. Федерал таълим вазири Дҳармендра Прадҳан эса баъзи тест марказларида айрим тартибсизликлар бўлганини тан олди.

















