Ўзбекистон | 15:23 / 28.06.2024
13938
2 дақиқада ўқилади

Чорсудаги ёнғиндан зарар кўрган майдонларни тиклаш бўйича ишчи гуруҳ тузилди

Ҳокимлик вакиллари тадбиркорлар билан учрашди. Ишлар якунига қадар уларга фаолиятини давом эттириши учун бошқа бинолар ажратилди.

Фото: Видеодан кадр

Жорий йилнинг 28 июн кунига ўтар кечаси Чорсу бозорининг Беруний ва Сақичмон кўчалари кесишмаси яқинида жойлашган дўконлари ва омборларида ёнғин рўй берди.

Бир неча соат ичида ёнғин локализация қилинди, айни вақтда, ёнғин оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар давом этмоқда, мутахассислар ҳодиса сабабларини аниқламоқда, шунингдек, етказилган зарар миқдорини баҳоламоқда.

Шаҳар ва туман ҳокимликлари вакиллари ана шундай синовларга дуч келган тадбиркорлар билан учрашди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, зарар кўрган майдонларни таъмирлаш, тиклаш ва ишга тушириш масалаларини самарали ва тезкор ҳал этиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилган.

Ушбу ҳодиса бозорнинг умумий фаолиятига таъсир қилмай, у одатий тарзда ишини давом эттирмоқда.

“Тез орада барча бинолар таъмирланиб, уларда янада яхши иш шароитлари яратилади. Ишлар якунига қадар эса ҳозирда тадбиркорлар фаолиятини давом эттиришлари учун бошқа бинолар ажратилган.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳалокатли оқибатларга йўл қўймаслик учун шаҳар аҳолисидан электр жиҳозларидан фойдаланишда эҳтиёт бўлишларини сўраймиз”, дейилади ҳокимлик маълумотида.

Мавзуга оид