Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги мурожаатга жавобан маълум қилди. Унда Назарбекда жамоат транспорти етишмаслиги, автобусларни узоқ кутишга тўғри келаётгани айтилган ва пойтахтга қатновларни кўпайтириш сўралган.

Бошқарма маълумотига кўра, «Келес Ренесанс» МЧЖ Хитойнинг Zhongtong компанияси ишлаб чиқарадиган 54 та янги автобусни харид қилиш бўйича шартнома имзолаган. Дастлабки тўловлар ҳам амалга оширилган.

Автобусларни Тошкент вилоятининг Тошкент ва Зангиота туманларини пойтахт билан боғловчи қуйидаги янги йўналишларга бириктириш кўзда тутилган:

  • 162-сонли: «Қушқўнди маҳалласи — Чорсу савдо маркази»;
  • 163-сонли: «Тўқимачилар маҳалласи — Чорсу савдо маркази»;
  • 167-сонли: «Тошкент жамоа хўжалиги — Чорсу савдо маркази».

Йўналишлар брутто-шартнома асосида ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Хусусан, 163-сонли автобус Тўқимачилар маҳалласи, Назарбек ва Тарнов ҳудудлари, Шифобахш сувлар ҳамда Беруний кўчалари орқали ҳаракатланиши кўзда тутилган.

Бошқарма янги қатновлар автобус кутиш вақтини қисқартириши ва амалдаги йўналишлардаги йўловчилар юкламасини камайтиришини кутмоқда. Бироқ йўналишларнинг ишга тушиш санаси ҳозирча аниқ кўрсатилмаган: ноябр охиригача бўлган муддат автобусларнинг етиб келишига тааллуқли.

Ҳозирда Зангиота туманини Тошкент шаҳри билан боғловчи 15 та автобус йўналиши брутто-шартнома асосида ишламоқда.

Жумладан, 134-сонли «Боғишамол маҳалласи — Чилонзор метроси» йўналишида 11 та катта сиғимли Yutong газ автобуси хизмат кўрсатади. Бошқарма келтирган маълумотга кўра, улар кунига 134 та қатновни амалга оширади, ўртача ҳаракат оралиғи 13 дақиқани ташкил этади.

135-сонли йўналишда эса тўққизта SAZ LE-60 автобуси кунига 119 та қатновни бажаради. Уларнинг ҳаракат оралиғи 14 дақиқа деб кўрсатилган.

Шунингдек, аҳолига 1253-сонли «Тўқимачилар-15 — Чилонзор метроси» ва 1254-сонли «Тўқимачилар-15 — Чорсу савдо маркази» йўналишли таксилари ҳам хизмат кўрсатмоқда.