«Док-1 Макс» ишида апелляция якунланди, Юнусободда техноген сув тошқини рўй берди, Қозоғистон чегарасида махфий туннел топилди — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
«Док-1 Макс» иши
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси бугун, 3 июл куни бўлиб ўтган суд мажлиси «Док-1 Макс» ишида ушбу суд ҳайъатининг 2024 йил 26 февралдаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
7 нафар судланувчи томонидан киритилган апелляция шикояти қаноатлантирилмади.
Фармагентлик собиқ раҳбари Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева томонидан суднинг депозит ҳисобрақамига тўланган 2,5 миллиард сўм маблағ жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига тенг миқдорда тақсимланиши белгиланди.
Юнусободдаги тошқин
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида сув ўтказгич тармоғи ёрилди. Ҳудуднинг катта қисми сув таъминотидан узилган. Кўчаларни сув босган.
«Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ Мойқўрғон кўчаси ва Қорақамиш кўчалари кесишмасида 1200 мм диаметрли катта сув ўтказгич қувури ёрилганини айтди, сўнгра носозлик 800 ммли қувурда эканини аниқлаган.
Юқори Қорақамиш ва Мойқўрғон кўчаларида сув қувури ёрилиб тошгани сабаб автотранспорт воситаларини ҳаракати вақтинчалик чекланди.
«Қувур ёрилишига асосий сабаб — яқин ҳудудда жойлашган қозонхонада вақтинча электр энергияси узилгани. Шу сабабли қувурларда босим кўтарилиб кетган ва қувурларнинг уланган чокидан авария юзага келган», деб маълум қилди «Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ ахборот хизмати бошлиғи Равшан Ёқубжонов.
Энергетика корхоналари эса бу маълумотни рад этди. Энергетика вазирлиги тизимига кирувчи «Тошкент иссиқлик маркази» АЖнинг билдиришича, Юнусободдаги 4-сонли қозонхонанинг электр таъминотида 2-3 июл кунлари «ҳеч қандай узилиш юз бермаган».














