Россия қўшини Торецк шаҳри (Донецкдан шимолда) чеккаларидаги посёлкаларга ёриб кирди. Бу Украина қуролли кучлари мудофаасида навбатдаги инқирозли ҳолатга олиб келди: қўмондонлик мудофаадаги тешикларни ёпиш учун захира қидиришга мажбур. Украина қуролли кучлари Торецк агломерациясига Купянск фронтидаги бўлинмаларни (95-десант-штурм бригадасидан) юборган. Украина армиясининг Купянск атрофидаги вазияти ҳам яхши эмас: Россия қўшини Оскол дарёси томон юрмоқда, Украина қуролли кучларининг Харкив, Донецк ва Луҳанск областлари чегарасидаги йирик плацдармига ушбу дарё орқали таъминот етказиб берилади — ушбу таъминот йўли хавф остида қолган. Бундан ташқари, РФ қуролли кучлари Торецкдан шимолроқда, Часив Яр шаҳри ҳудудида ҳамда ғарброқда — Авдийивка фронтида ҳам ҳарбий ҳаракатларини давом эттирмоқда. Буларнинг бари украин армиясини олдинда оғир ойлар кутаётганини англатади: ҳозирча Россия ҳужумларини тўхтатиш учун кучлар етарли эмас. Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари Харкив ва Вовчанск участкаларига ҳам қўшимча кучлар юборишда давом этмоқда. Бундан мақсад (унга эришишга эса ҳали кўп вақт бор) — РФ қуролли кучларини Харкив ва Белгород областлари чегарасидан суриб ташлаш ва кучларни бошқа йўналишлар учун бўшатиш ҳисобланади.

Харкив ва Вовчанск

  • Украина қуролли кучлари Харкивдан шимолдаги Глубоке қишлоғида россияликларнинг позицияларига муваффақиятли ҳужумлар уюштирди: улар қишлоқни ғарбдан айланиб ўтишга муваффақ бўлган ва унинг шимолий чеккаларига кириб келган. Эндиликда Украина қуролли кучлари Россия бўлинмалари турган ушбу қишлоқни уч томондан ўраб олган. Россия қўмондонлиги қишлоққа таъминот ва қўшимча кучлар етказишга уринаётган колонналар украинларнинг дронлари зарбаларига йўлиқмоқда. Таъминотчилар нафақат Харкив областида, балки Белгород области ҳудудида эканидаёқ ҳужумга учрамоқда.
  • Вовчанскда (Россия қўмондонлиги катта эҳтимол билан бу ерга қўшимча кучлар олиб келган, жумладан Бахмут фронтидан ҳам) вазият чигаллигича қолмоқда. Икки армия кучлари шаҳарнинг кўп қаватли биноларидан иборат кварталларида ҳамда саноат корхоналарида, шунингдек шаҳар чеккаларидаги позицияларни эгаллаб турибди ва бу ерда аниқ фронт чизиғи ўтказиб бўлмайди: бир кварталнинг ўзида ҳам украин, ҳам рус бўлинмалари турган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, кўп ҳолларда бундай кварталлар рақиб кучлари томонидан ўраб турилган бўлади, у ердагиларнинг таъминоти эса — ўқ-дори, егулик ва ичимлик сув — дронлар орқали етказилади.
  • Эълон қилинган видеолардан бирига кўра, Россия қўшини Волчя дарёсини кечиб ўтиб, шаҳарнинг жанубий қисмига киришга муваффақ бўлган. Аммо видео (муаллиф унда Волчянинг жанубий соҳилидаги Россия позицияси ўққа тутилганини айтган) нотўғри кўрсатилган бўлиши — бу украин позицияси ўққа тутилиши ҳақида бўлиши ҳам мумкин.