Ўзбекистон элчихонаси кўмагида маҳаллий маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш ва диверсификация қилиш мақсадида 15-19 июл кунлари Бухоро вилояти экспортёрлари делегациясининг Қатарга хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Сафар давомида Қатарнинг энг йирик савдо тармоқлари ва импортёр корхоналари, жумладан Carrefour, LuLu, Ansar Gallery, Monoprix, High Com Global каби компаниялар вакиллари билан икки томонлама музокаралар ўтказилди.

Музокаралар чоғида Қатар томонига Ўзбекистонда экспорт билан шуғулланадиган корхоналар учун яратиб берилган қулай шароит, юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда уларнинг сифати бўйича батафсил маълумот берилди.

Учрашувлар якунида Milmaxtrade масъулияти чекланган жамияти томонидан юртимизда етиштирилган ҳўл ва қуритилган мева-сабзавот ҳамда паррандачилик маҳсулотларини Қатарга етказиб бериш тўғрисида келишувга эришилди.