Бир неча кундан бери Ўзбекистонда Telegram фойдаланувчиларининг аккаунти автоматик равишда фирибгарлик каналларига уланиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳатто Telegram созламаларидан аккаунтни гуруҳларга қўшишни чеклаб қўйиш ҳам иш бермаяпти. 8-10 минглаб аъзо йиғилган каналларнинг ўзи эса махфий тарзда ташкил қилинган.
Одамлар қўшилиб қолаётган ҳар хил номдаги махфий каналларнинг барчасида турли йўллар ва усуллар билан пулни бир неча соатда 10-15 баравар кўпайтириб бериш ваъдаси берилмоқда.
Масалан, “Uzbekiston investuz” каналида 8 832 нафар аъзо йиғилган.

Каналда фуқаронинг лойиҳага пул тикиб, катта миқдорда маблағ ютиб олгани ҳақидаги ёлғон видеолавҳалари эълон қилинган бўлиб, улар 1000-1200 марта кўрилган.
Канал админи – Муҳаммадфозил Қодиров исмли шахс бўлиб, у одамларга бу иш давлат назоратидан ўтганини айтган ҳолда очиқчасига 1,5 млн сўм тўласа, бир соатда 20 млн сўм қилиб қайтариб беришни ваъда қилмоқда.
Навбатдаги канал “HALOL SARMOYA ISHLASH BEPUL” номи остида очилган. Каналда 23 967 аъзо борлиги кўрсатилган. Унда эълон қилинган постлар эса 2 минг мартагача кўрилган.

Эътиборлиси, ушбу канал эгаси ҳам Муҳаммадфозил Қодиров ҳисобланади. У ушбу каналда одамларнинг ишончига кириш учун шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда ўзи ҳам кўриниш берган.


Бундан ташқари, Муҳаммадфозил Қодиров ўз “личкаси”да манзилни ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб қўйган.

“HALOL SARMOYA ISHLASH BEPUL” каналида ҳам пулини 1 соатда 15 бараваргача кўпайтириб бериш ваъдаси билан одамларни чув туширишга ҳаракат қилинмоқда.
Шунингдек, “Golden daromad” канали ҳам айни шу “сценарий” асосида одамларни алдашга уринмоқда.





















