Жаҳон | 14:05 / 25.07.2024
2354
3 дақиқада ўқилади

Ватикан Украинани тинчликка эришиш йўлида қўллаб-қувватлашга тайёр

Украина тинчликка эришиш йўлларини топишда ҳамон гуманитар ёрдам ва кўмакка муҳтож, деди Ватикан давлат котиби Петро Паролин Украинага ташрифи якунлари бўйича.

Фото: EPA/ SERGIO BARRENECHEA

Ватикан давлат котиби ва Рим папасининг бош дипломати халқаро ҳамжамиятни Россия ҳужумига учраган Украина учун кўпроқ ҳаракат қилишга чақирди. «Биз бунинг яна унутилган можарога айланишига йўл қўя олмаймиз», деди кардинал Петро Паролин 24 июл, чоршанба куни Италиянинг Avvenire газетасида чоп этилган интервюсида. Украина тинчликка эришиш йўлларини топишда ҳамон гуманитар ёрдам ва кўмакка муҳтож, деди у.

«Менимча, биз ҳали ҳам музокаралар йўли билан ечим топишдан йироқмиз», деди Паролин мудофааланаётган мамлакатга қилган беш кунлик сафари якунида, уни бир кун аввал Украина президенти Володимир Зеленский қабул қилганди. Ватикан дипломатининг сўзларига кўра, у Зеленскийнинг «тинчлик формуласи»ни бошиданоқ қўллаб-қувватлаган, биринчи навбатда унинг гуманитар жиҳати туфайли. Бироқ, бу «тинч уриниш»нинг заиф томони шундаки, Россия бунга аралашмаяпти.

Паролин Москва Зеленскийнинг навбатдаги халқаро тинчлик анжуманига таклифини қабул қилишига шубҳа билан қаради. «Аммо Россия музокаралар столидан четда қолмаслиги керак», - дея таъкидлаган Паролин. У Украина президентининг Россия иштироки зарурлигини тан олишини «олдинга қадам» деб атади. 

Киев ва Ватикан ўртасидаги муносабатлар яхшиланди

Украина ҳукумати ва Ватикан ўртасидаги муносабатлар сўнгги пайтларда яхшиланди, деди Паролин. 2023 йил май ойида Рим папаси Франциск билан учрашувдан сўнг, Зеленский Украина воситачиларга қизиқмаётганини айтганди. «Кўпроқ ишончли ва тушунарли муносабатлар пайдо бўлганига ишонаман», деди кардинал. Бироқ, бу Ватиканнинг позициясини ўзгартирмайди, у доимо ўзини воситачилик ва мулоқот майдони сифатида тақдим этади. «Бу - жуда мувозанатли муносабатни талаб қиладиган позиция. Понтифик ҳар доим шундай қилган», деди Паролин. 

Бироқ, ҳали ҳеч қандай ечим топилмади, шунинг учун «уруш, афсуски, икки йилдан ортиқ вақтдан кейин ҳам давом этмоқда». «Ҳар қандай ҳолатда, дипломатия, ҳеч бўлмаганда, Ватикан томонидан илгари сурилмоқда», деди кардинал. «Аммо бу орада одамлар ўлмоқда. Шунинг учун саъй-ҳаракатларни кучайтириш керак», - деди у.

Мавзуга оид