Ўзбекистон | 12:49 / 26.07.2024
7106
2 дақиқада ўқилади

Республика “ГАИ”нинг 26,5 млрд сўмлик тендерида қонунбузилиш ҳолати аниқланди

Тендер савдолари йўл белгилари учун бўёқлар ва шиша маҳсулотларни харид қилиш учун ўтказилган. Рақобат қўмитаси томонидан ИИВ ЙҲХББга нисбатан тендер савдо натижасини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича кўрсатма берилган.

Фото: Kun.uz

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ўтказилган катта миқдордаги тендер савдоларида қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан 2024 йил 10 июнда бошланғич қиймати 26 млрд 500 млн сўмга яқин ўтказилган тендер савдолари юзасидан мурожаат келиб тушган. Ўрганишда тендер савдолари йўл белгилари учун бўёқлар ва шиша маҳсулотларни харид қилиш учун ўтказилгани маълум бўлган.

“Ишни кўриб чиқиш натижасида “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилган деб топилиб, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига нисбатан тендер савдо натижасини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, ушбу қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган мансабдор шахсга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликни белгилаш масаласи кўриб чиқилади”, дейилади қўмита хабарида.

Махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган томон қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги қўшимча қилинган.

Очиқ маълумотларга кўра, мазкур тендер савдоси 2024 йил 6 июл куни ўтказилган. 26 млрд 499 млн сўм бошланғич нарх билан эълон қилинган тендерда 25 млрд 981 млн сўмлик таклиф билан “AVTOBELGI ROAD MARKING” МЧЖ ғолиб деб топилган ҳамда 11 июл куни ушбу корхона билан шартнома тузилган.

Олдинроқ Рақобат қўмитаси сайт ва мобил иловага 1,2 млрд сўм сарфлаётган Маънавият ва маърифат марказига ҳам иш қўзғатганди.

Мавзуга оид