Жаҳон | 08:01 / 30.07.2024
1725
3 дақиқада ўқилади

Дума блогерларни ўзи ҳақида РКНга ҳисобот беришга мажбурлашни таклиф қилди

Давлат думаси қўмитаси ўн минг блогердан Роскомнадзорга ўзлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш талаб қилиниши мумкин бўлган тузатишни маъқуллади. Бу Telegram-каналларга ҳам тегишли.

Фото: iStock

Россия Давлат Думасининг Ахборот сиёсати қўмитаси 29 июл, душанба куни бўлиб ўтган йиғилишида 10 минг ва ундан ортиқ обуначиси бўлган блогерлардан ўзлари ҳақидаги маълумотларни Роскомнадзорга тақдим этиш ва «тақиқланган маълумотларни тарқатмаслик» талаб қилиниши мумкин бўлган тузатишни маъқуллади. Бу ҳақда қўмита раҳбари Александр Хинштейн маълум қилди. «Реклама тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилмоқда, у иккинчи ўқишга тайёрланди. 

«Уларнинг кўпчилиги (йирик блоглар ва Telegram-каналлар) аллақачон таъсир даражаси бўйича анъанавий оммавий ахборот воситаларидан ошиб кетган, бироқ эгалари тарқатилаётган маълумотлар, жумладан, фейклар учун деярли ҳеч қандай жавобгарликни ўз зиммасига олмайди», — дея Хинштейн ўзгаришларни шундай асослади. «Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, идентификациясиз каналларни блокировка қилиш ҳақида гап кетмаяпти, - дея қўшимча қилди у. - Аммо бундай «анонимлар» реклама жойлаштира олмайди ва донат йиға олмайди, уларнинг постларини бошқа каналлар қайта жойлаштирмайди». 

Аввалроқ «Интерфакс» агентлиги қўмитадаги манбага таяниб, ўзгартиришга кўра, агар минг нафар обуначиси бўлган блогер ўзи ҳақидаги маълумотларни РКНга тақдим этмаса, давлат унинг блоги ёки каналини ресурсдан блоклашни талаб қилишини билдирганди.

29 июл куни Дума IT қўмитасининг ўша йиғилишида яна бир нечта тузатишлар муҳокама қилинди. Улардан бири Бош прокуратурага треш-стримларни судгача блокировка қилиш ҳуқуқини беради. Бошқасига кўра, Россия Федерацияси Рақамли ривожланиш вазирлиги алоқа операторларидан абонентларнинг шахсий маълумотларини талаб қилиш ва уларни Хинштейн айтганидек, «давлат ахборот тизими»га юклаш ҳуқуқини олади. 

Дума Instagram ва Facebook’да рекламани тақиқламоқчи

21 июн куни Россия парламентига мамлакатда «экстремистик» ва «номақбул» деб эълон қилинган ташкилотларнинг ресурслари, шунингдек, Россия Федерациясида блокланган сайтлар ва манбаларда реклама жойлаштиришни тақиқловчи қонун лойиҳаси киритилгани маълум бўлди. Таклиф бир гуруҳ депутатлар ва сенаторлар, жумладан, Александр Хинштейн, Андрей Луговой ва Андрей Клишас томонидан билдирилган. 

Қонун лойиҳаси муаллифларининг тушунтиришича, «ноқонуний ахборот ресурслари» рекламадан даромад олишда давом этмоқда ва шу билан бирга «Россия манфаатларига қарши провокацион ҳаракатлар ва душманлик ҳаракатлари» амалга оширилмоқда. Улар орасига, хусусан, 2022 йил мартида, Украинага кенг кўламли ҳарбий ҳужумдан сўнг Россияда блокланган Facebook ва Instagram каби ресурслар киради. Москва суди ушбу ижтимоий тармоқларга эгалик қилувчи Meta компаниясини «экстремистик ташкилот» деб топди. 

2024 йил март ойида Россия президенти Владимир Путин «чет эл агентлари» ресурсларида реклама жойлаштиришни тақиқловчи қонунни имзолади. 

Мавзуга оид