Спорт | 16:21 / 01.08.2024
21503
2 дақиқада ўқилади

Париж-2024. Эркак боксчилар жамоасида илк йўқотиш

Руслан Абдуллаев 2-раундда устунлик қилган бўлса-да, ҳакамлар канадалик боксчининг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини қайд этишди ва Ўзбекистон вакили уч раунд якунига кўра аламли тарзда турнир билан хайрлашди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Париж Олимпиадасида эркаклар ўртасидаги бокс баҳсларида чоракфинал жангларига старт берилди.

Бу босқичда боксчиларимиз орасида дастлабки жангни -63,5 кг вазнда Руслан Абдуллаев бошлаб берди. У канадалик Ваят Санфордга қарши баҳснинг биринчи раундида 3:2 ҳисобида устун келган бўлса, иккинчи раунд худди шундай ҳисоб билан рақиб фойдасига ҳал бўлди.

Ҳал қилувчи 3-раундда эса ҳакамлар Санфорднинг 4:1 ҳисобидаги ғалабасини қайд этишди ва у камида бронза медалини нақд қилди. Абдуллаев 2-раундда ҳам устунлик қилган бўлса-да, ҳакамлар қарорига кўра аламли тарзда турнир билан хайрлашди.

Руслан аввалги босқич 1/8 финалда мексикалик Мигел Анхел Мартинесга қарши рингга чиқиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Бугун Лазизбек Муллажонов ҳам чоракфинал баҳсини бразилиялик Кено Машадога қарши ўтказади. Жанг тахминан соат 00:50да бошланади.

Ўзбекистонлик боксчиларнинг чоракфиналдаги баҳслари рўйхати:

Париж-2024. Бокс. Эркаклар. 1/4 финал

1 август:

-92 кг: Лазизбек Мулложонов - Кено Машадо (Бразилия)

2 август:

+92 кг: Баҳодир Жалолов - Теремоана Жуниор (Австралия)

-51 кг: Ҳасанбой Дўсматов - Сакен Бибоссинов (Қозоғистон)

-80 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев - Арлен Лопез Кардона (Куба)

3 август:

-57 кг: Абдумалик Халоков - Хосе Куилес Бротонс (Испания)

-71 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев - Николай Тертерян (Дания).

Эслатиб ўтамиз, аёллар ўртасидаги баҳсларда Ситора Турдибекова ҳам кейинги босқичга чиққан бўлса, Нигина Ўктамова ва Сабина Бобоқулова турнирни тарк этганди. Навбаҳор Ҳамидова баҳсларга энди киришади.

Мавзуга оид