Нигердаги жангарилар «гаровга олинган россияликлар» акс этган видеони эълон қилди
Видеода икки эркак ўзини Мбангуга рус компаниясида ишлаш учун келган россияликлар деб атаган. Ёзувни тарқатган GSIM гуруҳи «Ал-Қоида» билан алоқадор.
«Ал-Қоида» террорчилик ташкилотига алоқадор «Жамоат Нусрат ал-Ислом вал-Муслимин» (GSIM) гуруҳи Нигер жануби-шарқида икки Россия фуқаросини гаровга олганини даъво қилмоқда. Бу ҳақда 2 август, жума куни AFP агентлиги жангарилар видеосини таҳлил қилиб, маълумот берди.
Видеода икки эркакнинг инглиз тилида умумий давомийлиги тахминан бир дақиқа давом этган монологлари кўрсатилган. Улардан бири Россияда туғилгани, Украинада яшаши ва Мбанга шаҳридаги рус компаниясида геолог бўлиб ишлаганини айтади. Иккинчиси ҳам Россия Федерациясида туғилганини билдирган ва Нигерга бир ой олдин Россия компаниясида ишлаш учун келганини қўшимча қилган.
Видеонинг санаси йўқ. Гапирганларнинг ҳеч бири ўғирлаб кетиш санасини айтмаган.
GSIM жангарилари ўзи ким?
«Жамоат Нусрат ал-Ислом вал-Муслимин» гуруҳи 2017 йилда тузилган ва Ғарбий Африкадаги учта ташкилотнинг бирлашмаси ҳисобланади. Унинг номи арабчадан «Ислом ва мусулмонларни қўллаб-қувватлаш гуруҳи» деб таржима қилинади. 2018 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши уни «Ал-Қоида» билан алоқадор ташкилот сифатида санкциялар рўйхатига киритди. GSIM жангарилари Мали мудофаа ва хавфсизлик кучлари, Франция кучлари ҳамда БМТнинг Малидаги тинчликпарвар миссиясига бир неча бор ҳужум қилган.
Минтақа - олтин қазиб олиш жойи
Мбанга аҳоли пункти Тилабери вилоятида, Нигернинг Буркина-Фасо ва Мали билан чегаралари яқинида жойлашган. Бу минтақада олтин қазиб олинади, дея қайд этади AFP.
Ғарбий Африкадаги россияликлар
Россия 25 июл куни ўз фуқароларини Мали ва Нигерга сафар қилмаслик ҳақида огоҳлантирди. Москва бу тавсияни Ғарбий Африка ушбу мамлакатларидаги хавфли вазият билан изоҳлади. Россия Федерацияси аввалроқ Нигерга ҳарбий инструкторлар ва жиҳозлар юборган.
Июл ойи охирида Мали шимолида Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари йўқ қилинди. ХҲК йўқотишларни очиқламади, Малидаги исёнчилар эса 84 ёлланма аскар йўқ қилингани ҳақида гапирди.
Нигерда чет элликларнинг ўғирланиши
Нигерда бир неча бор хорижликлар ўғирлаб кетилган. 2021 йил июн ойида қуролланган шахслар Мбанга шаҳридан икки нафар Хитой фуқаросини номаълум томонга олиб кетишди. Тўққиз ой ўтгач, хитойликлар озод қилинди. 2022 йил май ойида GSIM уч италияликни ўғирлаб кетди. Улар 2024 йил феврал ойида озодликка чиқди.
2022 йил июлидан 2023 йил июлигача бўлган даврда Нигердаги жангарилар 650 нафар тинч аҳоли ва аскарни ўлдирган, деб ҳисоблайди геосиёсий можаролар ҳақида маълумот йиғувчи ACLED ноҳукумат ташкилоти. Кейинги 12 ой ичида бундай ўлимлар сони 1500 га яқинлашди, дея таъкидлайди ACLED.
Буркина-Фасо, Мали ва Нигер дунёдаги энг қашшоқ давлатлар қаторига киради. Сўнгги йилларда ҳар учала мамлакатда ҳам давлат тўнтаришлари кузатилди. Нигерда ҳарбийлар ҳокимиятни 2023 йил июлидан, Буркина-Фасода – 2022 йил сентябрдан бери эгаллаб турибди. Малидаги сўнгги давлат тўнтариши 2021 йилда содир бўлган.
Мавзуга оид
20:08 / 27.11.2024
Россияда Марказий Осиё давлатлари билан виза режими жорий этилиши кутилмаяпти
19:39 / 27.11.2024
2024 йилда Россияни бир миллион мигрант тарк этди
08:30 / 27.11.2024
G7 РФнинг ядровий риторикасини қоралаб чиқди
01:17 / 27.11.2024