Имрон Хон ва унинг рафиқаси Бушра Биби яқин орада озод этилишига бирор белги йўқ. Фото: Getty images

Гарчи қамоқда бўлса ҳам, Имрон Хон аввалгидек Покистондаги мухолиф сиёсатнинг етакчи кучи ҳисобланади; унинг номи газета сарлавҳалари ва суд мажлисларида мудом янграб турибди. Тарафдорлари эса ижтимоий тармоқларда тиним билгани йўқ.

У омма олдида кўриниш беролмаётган бўлса-да, у билан доимий кўришиш ҳуқуқига эгалар – адвокатлар ва оила аъзолари унинг ташқи дунёга мурожаатларини етказувчилар бўлиб турибди. Имрон Хон панжара ортидаги 365 кун уни aсло синдира олмаганини ўшалар орқали халққа етказмоқда.

“Унда ҳамон совуққонлик бор, – дейди унинг синглиси Олима Хоним. – Унинг бирор эҳтиёжи ёки истаги йўқ. Фақат иш”.

Имрон Хоннинг ҳузурига кириб чиқаётганларнинг сўзларига кўра, у кунни велотренажёрда ўтказади, кўп китоб ўқийди ва мулоҳаза юритиш билан машғул бўлади. Кунига бир соат қамоқхона ҳовлисида сайр қилади. Айрим вақтларда оила аъзолари унга янги китобни қанча муддатда етказиши мумкинлиги борасида мунозаралар келиб чиққан.

“У қамоқхонадаги бирор дақиқасини бекорга сарфлашни истамайди, бу унга янада кўпроқ билим олиш учун имконият эканини айтган”, — деган Олима Хоним BBCʼга берган интервюсида.

Лекин факт фактлигича қолади: жаноб Хон ва унинг рафиқаси Бушра Биби ҳамон қамоқхонада қолмоқда ва яқин орада уларнинг озод бўлишига бирор белги йўқ.

Айримларнинг фикрича, бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ.

Имрон Хон тўрт йил давомида Покистон бош вазири бўлган. Фото: Reuters

“Ҳеч ким жаноб Хон қамоқхонадан эртароқ озод бўлиш учун нимадир қилишини кутгани йўқ”, — деган Вашингтондаги Wilson Centre таҳлилий марказининг Жанубий Осиё институти директори Майкл Кугелман.

Ҳарбийлар Покистондаги парда ортидаги кучли ўйинчилар бўлиб, “улар қамоққа тиқишни маъқул кўрадиган сиёсий фигура мавжуд бўлса, қўл қовуштириб ўтиришмайди, — деган Кугелман. — Бу айниқса Имрон Хонга тааллуқли”.

Чиндан ҳам, сўнгги ўн йилликлар мобайнида армия Имрон Хоннинг ҳаётидаги кўплаб қалқишлар ва инишлар учун асосий калит бўлган. Кўплаб таҳлилчиларнинг фикрича, унинг аввал бошдан айнан ҳарбий элита билан яқин муносабатлари ҳокимият тепасига келишида муҳим рол ўйнаган.