Олимпия ўйинлари. Париж (Франция)
Сузиш. Эркаклар. 4х100 метрга комплекс эстафета
1. Хитой — 3.27,46
2. АҚШ — 3.28,01
3. Франция — 3.28,38
4х100 метрга комплекс эстафета АҚШ жамоаси учун ўйлаб топилгандек эди. 1960 йилдан бери, Токиодаги Олимпиадада илк бор шу йўналиш бўйича баҳслар ўтказилиши бошланганидан буён америкалик сузувчилар бу дастурда ҳеч кимга ютқазишмаганди. Шундан буён 16 бор Олимпия ўйинлари ўтказилди ва америкаликлар ҳар сафар ғалаба қозонишди. Фақат 1980 йилги Москва олимпиадасида бу дастурда олтин медални австралиялик сузувчилар қўлга киритишган, чунки ўшанда Америка делегацияси турнирни бойкот қилган ва унга ташриф буюрмаганди.
Ва бу серия 2024 йил 4 августга қадар давом этди. Шу куни эса Париждаги «Ла Дефенс Арена»да кечган мусобақанинг охирги босқичида хитойлик Пан Жанлэ мўъжиза кўрсатиб, юз метр масофани 46 сониядан камроқ вақтда сузиб ўтди!
Пан Жанлэ эстафетани қабул қилиб олганида хитойликлар асосий рақобатчилар АҚШ ва Франция вакилларидан 0,7 сонияга ортда қолаётганди. Хитой жамоасининг якунда иккинчи ўриндаги америкаликлардан устунлиги эса 0,55 сонияга тенг бўлди. Бунинг барчаси хитойлик вундеркинд ўз чекига тушган тўртинчи босқичда юз метрлик масофани 45,92 сонияда босиб ўтиши эвазига бўлди.

У бир неча кун олдин 100 м масофага сузиш баҳсларида рақибларини бир секундга ортда қолдирган ҳолда (46,40) жаҳон рекордини ўрнатганди.
Лекин Жанлэ ўз рекордини янгилай олмади, чунки эстафета баҳсларида фақат биринчи босқичдаги натижалар рекорд ҳисобига ўтади, у эса тўртчи босқичда сувга тушганди. Бунга қадар эстафеталардаги норасмий рекорд 2008 йилда охирги юз метр масофага 46,06 сонияда сузган америкалик Жейсон Лезакка тегишли эди.
Жанлэ ғалабали сериясига барҳам бериш орқали америкаликларни нокаут ҳолатига туширди. Америкалик ва француз сузувчилар чемпионларни олқишлашди, мухлислар эса ҳуштакбозлик қилишди.

Допинг можароси
Сузиш дунёсида ХХР жамоасининг бу муваффақиятига икки хил қаралмоқда. Бир томон ушбу тўртликнинг натижасидан ҳайратга тушган, бошқалар эса бу ғалабада допингнинг ҳам ҳиссаси борлигини даъво қилишмоқда. Айниқса, жамоада Цин Хайян борлиги кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ўз вақтида брасс усулида сузиш бўйича элита вакили ҳисобланган, жаҳон чемпиони ва рекордчи бўлган ушбу спортчи 2021 йил Токио Олимпиадаси арафасида қонидан триметазедин моддаси топилган 23 нафар хитойлик сузувчилар орасида эди.



















