Янги ўқув йилидан мактабларга чиқиши кутилаётган 700 мингдан ортиқ 1-синф ўқувчиларига 12 номдаги ўқув қуроллари берилади. Совғалар 10 августгача ҳудудларга, 20 августгача эса барча умумтаълим мактабларига етказилади. Kun.uz жараён қандай кечишини кузатди.

Бу йил Ўзбекистондаги мактабларга 719 366 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган. 6 августдан бошлаб улар учун керакли бирламчи ўқув қуроллари “Президент совғаси” сифатида тарқатила бошланди.

12 та предметдан иборат тўпламдан портфел, дафтар, расм дафтари, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли қалам, оддий қалам, пластилин, елим, ўчирғич жой олган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Таъминот ва логистика хизмати томонидан бериладиган совғалар 10 августгача ҳудудий бошқармаларга, 20 августгача эса барча мактабларга тўлиқ етказилади.

Вазирлик бошқарма бошлиғи Эркин Муродовнинг айтишича, ўқув қуролларини тайёрлашда уларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратилган.

Бунинг учун ота-оналар, мутахассислар, мактаб ўқувчиларининг фикрларини ўргандик. Ҳар бир ўқув қуроли учун мувофиқлик сертификати, санитар-нормаларга жавоб бериш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, биз ўқув қуролларини тайёрлашимизда ҳар бир болага етарли миқдорда ўз вақтида етиб боришини таъминлаш учун 1-синфга қабул қилинадиган ҳар бир фарзандларимизни махсус электрон платформага номма-ном киритганмиз. Бу ҳеч бир болага ўқув қуроллари етмасдан қолмасин деган муаммонинг олдини олишга қаратилган.

Бу йилдан бошлаб бир хил рангдаги ўқув қуроллари тайёрланган. Ўтган йилларда ўғил ва қиз болаларга алоҳида-алоҳида ранглар бўлган, лекин амалиётдаги номувофиқлик туфайли ўғил болалар учун бошқа рангдаги, қиз болаларга бошқа рангдаги портфеллар берилган. Шунинг олдини олиш учун бу йилдан бир хил қилиняпти”, – дейди у.

Қайд этилишича, “президент совғаси” нафақат давлат умумтаълим мактаблари, балки вазирлик-идоралар тасарруфидаги бошқа мактаблар ва нодавлат умумтаълим муассасаларига ҳам етказиб берилади.

Бугунги кунда давлат мактабларига 590 мингдан ортиқ ўқувчи қабул қилинган, лекин режа бўйича уларнинг сони 719 минг атрофида бўлиши кутилмоқда.