Миллионлаб ўзбекистонликни қамраб олиб, 3 йил давом этадиган “акция”да ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 8 тоифадаги объектларга инсон омили ва қоғозбозликларсиз кадастр ҳужжатлари берилади. Kun.uz кўпчиликни қизиқтираётган саволлар билан Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Узоқберген Жаксимуродов билан суҳбат ташкил этди.

6 август куни “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун юзасидан лойиҳани ишлаб чиққан масъуллар билан интервью ташкил қилдик. Меҳмонимиз – Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Узоқберген Жаксимуродов.

Бу қонунни қабул қилиш учун қандай сабаб ва асослар бор эди?

– Бу қонун президентимизнинг ўтган йили Адлия вазирлигига юклатилган топшириғи асосида ишлаб чиқилган бўлиб, 3 ойдан сўнг кучга киради ва қонунда аниқ санаб ўтилган 8 турдаги ер участкаларини ўз ичига олади. Бу қонуннинг аввалги акциядан нима фарқи бор, дейишингиз мумкин. Аввалги акцияда фуқароларнинг ўзи аризалар билан мурожаат қилишган бўлса, бу қонунда шу турдаги барча ер участкалари ҳақидаги маълумотлар бирма-бир тўпланади. Бу иш аввал кадастр агентлигида бор маълумотлар асосида автоматик, кейин эса жойларга чиқиб текширилади.

Қонуннинг парламентдаги муҳокамаси жараёнида Адлия вазирининг ўринбосари Алишер Каримов қарийб 4 миллион фуқаро ушбу қонун доирасида ерга эгалик ҳуқуқига эга бўлиши мумкинлигини айтди. Агар рақамлар аниқ бўлса нима учун бу “акция” шу муаммодаги одамлар учун хослаб чиқарилмади?

– Бу масала икки йил давомида тегишли соҳа мутахассислари томонидан ўрганиб келинмоқда, аммо қарийб 4 миллион аҳоли ҳақидаги маълумот ҳам аниқ рақамларни англатмайди. Чунки ер участкалари кадастрларини рақамлаштириш ҳам 2020 йилдан бошлаб амалга оширилиб келинмоқда. Баъзи камчиликларни бартараф этиш учун ҳам бу қонунни катта масштабда ҳал қилиш назарда тутилган.