Financial Times таҳлилчиси Саймон Купер 8 август куни эълон қилган мақоласида Олимпиада ва бошқа йирик спорт мусобақаларида кўплаб медаллар олаётган давлатларга тўхталиб ўтган. Унинг фикрича, ғолиб давлат рўйхати бу шунчаки спортдаги ютуқларга раҳбарлик қилиш эмас, балки кўпроқ нарсалар ҳақида гапиради.

«Олимпиада медаллари спортга қараганда кучлироқ таъсирга эга бўлиши мумкин. Медаллар одатда давлатлар спортдан анча чеккароқда бўлган муҳим ишларни ҳам тўғри қилаётганини билдиради.

Нега бундайлигини билиш учун медаллар жадвалининг юқори қисмини ўрганиш керак. Бу мусобақада Украинадаги босқин туфайли Россия қатнашмаяпти, лекин ўндан ортиқ россиялик спортчилар бошқа давлатлар номидан мусобақада иштирок этмоқда. Бу АҚШ ва Хитой мусобақада мос равишда 1 ва 2-ўринларни бўлишиб олишига сабаб бўлмоқда» (СССР тарқалгач россиялик спортчилар ёзги олимпиада ўйинларида доимий равишда кучли бешликда бўлиб келган, муаллиф шу сабабли Россияни АҚШ ва Хитойга рақобатчи ўлароқ эслатмоқда.)

Муаллиф медаллар рейтингининг энг юқорисида турган 16 давлатни (8 август ҳолатига) мисол келтириб, уларнинг ҳаммаси демократик ва аҳолиси юқори даромадга эга давлатлар эканига урғу берган. Бу мусобақада дунёнинг барча чеккаларидан одамлар қатнашса ҳам асосий омил – географик жойлашув эмас, балки айнан бир категориядаги давлатлар кўпроқ ғолиб бўлади.

«Қишки олимпияда ўйинларида ҳам ҳолат шундай. Асосий совриндор давлатларнинг барчаси ривожланган давлатлар ҳисобига тўғри келади. Иқтисодчи Стефан Шимански билан бирга, олимпиада ва бошқа мусобақаларга асосланиб, барча даврлардаги энг яхши натижаларни солиштириб чиққанимизда энг яхши спорт жамоаси — демократик ва аҳолиси бой Норвегия бўлди.

Кўриниб турибдики, ҳар қандай миллий жамоаларнинг спортдаги ютуқлари мамлакатнинг бойлиги, аниқроқ айтсак инсон капитали ривожланиши билан боғлиқ бўлади».

Бунда БМТ томонидан эълон қилинаётган Инсон ривожланиши индексида давлатлар бўйича аҳоли умр давомийлиги, таълим олиши ва ҳаёт даражалари ўлчанади. Бу рейтингдаги Топ-10 давлатларни доим спортда ҳам юқори ўринларда кўришингиз мумкин, дейди мутахассис.

Буни қандай тушунтириш мумкин?

Бой демократик давлатлар, айниқса социал-демократлар ўз аҳолиси ҳақида яхши қайғуради. Бу эса моддий даражасидан қатъи назар ҳар қандай одамларга спорт билан шуғулланиш учун имконият яратишдир.