Парижда ўтган ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларида қирғизистонлик боксчига секундантлик қилган ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди. Франциядаги қаҳрамон ҳаммаси қандай бошланганини Kun.uz билан суҳбатда айтиб берди.
Қўшни мамлакат жамоасига ёрдам
- 7 июл куни машғулотлар ўтказиш учун Франциянинг Нанси шаҳрига етиб бордик. У ерда ўндан ортиқ мамлакат спортчилари бор эди. Улар билан Олимпиадагача биргаликда машғулотлар ўтказдик. 20 июл куни Олимпия шаҳарчасига жойлашдик.
22 ёки 23 июл куни қирғизистонлик боксчи ва мураббий ҳам қароргоҳимизга жойлашишди ва биз билан тайёргарликни давом эттиришди. Улар менга ҳазиломуз тарзда «жангда бизга ёрдам берасан», дейишганди. Мен раҳбарият қарорисиз ҳеч нарса қила олмаслигимни билардим. Кейин бош мураббийимиздан уларга ёрдам беришимни илтимос қилиб сўрашди ва рухсат беришди.
Қўшни мамлакатлар билан яқин эканлигимизни яна бир марта исботладик. «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшнинг яхши» деган мақол бор.
«Бу мен учун катта шараф»
- Ўзим Ўзбекистон миллий жамоасининг мураббийиман. Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Аълохон Абдуллаев, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Дилшод Абдумуродов, Жасур Йўлдошев каби шогирдларим бор. Тўлқин Қиличевга ҳам ёрдамчи мураббийман.
Нанси шаҳрида қизиқ ҳолат рўй берди. Дунёнинг энг кучли боксчилари — Ла Крус, Лопес каби юлдузлар иштирокидаги машғулот ўташни йигирмадан ортиқ мамлакатнинг таниқли мураббийлари орасида менга ишониб топширишди. Ва мен буни чиройли тарзда бажардим. Бу мен учун катта шараф.

Мунарбекнинг ўзбек тилини билиши ҳақида
- Мунарбекнинг дастлабки жангида бироз тортиндим. Ҳар ҳолда қўшни мамлакат вакили. Аммо биринчи раундда кубалик боксчига енгилди. Кейин ундан «ўзбекчани биласанми?» деб сўрадим. У «ҳа, ўшликман тушунаман, гапираверинг» деди. Кейин чин дилдан ўз шогирдимдек унга ўзимдаги бор нарса бердим. «Кубалик боксчи рақиб темпни кўтарса, чарчаб қолишини» айтдим. У кўрсатмаларни бажарди ва 2-3 раундни ўз фойдасига ҳал қила олди.
Олимпиадага борганимда — Аллоҳ рингда секундантлик қилишимни насиб қилсин деб ният қилгандим. Мураббийлар штабида энг ёши менман. Бундай турнирда рингда секундантлик қилиш катта бахт.
















