Жаҳон | 18:37 / 20.08.2024
4113
3 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги Курск учун жанглар бир неча ой давом этишига тайёр туришга чақирди

Россия Қуролли Кучлари Ҳарбий-сиёсий бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, «Ахмат» махсус кучлари командири Апти Алаудиновнинг сўзларига кўра, «яқин икки-уч ойда барчаси тугайди».

Фото: Reuters

Курск областидаги жанглар яна бир неча ой давом этиши мумкин. Бу ҳақда Россия Қуролли Кучлари Ҳарбий-сиёсий бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, «Ахмат» махсус кучлари командири Апти Алаудинов маълум қилди.

«Ўйлашимча, яқин икки-уч ойда барчаси тугайди, нафақат Курск йўналишида, балки бутун УҚК», — дейди у Хитойнинг Phoenix телеканалига берган интервьюсида.

Февраль ойида Алаудинов Украинадаги уруш «узоғи билан 2024 йилнинг сентябрида» тугашини тахмин қилганди, шу билан бирга у доимгидек Украина Қуролли кучларининг (УҚК) улкан йўқотишлари, Американинг Киевга бераётган ёрдами тўхтатилиши ҳақида ҳам гапирган эди. Аммо апрел ойида АҚШ президенти Жо Байден Украинага 60,64 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини имзолади. Августда УҚК Курск областига ҳужумни бошлаб, Россия ҳудудига Иккинчи жаҳон урушидан бери бостириб кирган биринчи хориж армиясига айланди.

Умуман олганда, «Ахмат» махсус бўлинмаси командири томонидан ҳақиқатга тўғри келмайдиган баёнотлар биринчи марта берилмаяпти. Охирги икки ҳафтада у Курск областида УҚКнинг ҳаракати «тўхтатилганини» камида олти маротаба таъкидлади. Биринчи марта 9 август куни бу ҳақида маълум қилганди. Шундан буён украин ҳарбийлари Россиянинг 1250 километр квадрат майдони ва 92 та аҳоли пунктини эгаллади.

Шунингдек, Алаудинов Z-блогерларнинг «Ахмат» жангчилари УҚК ҳужумидан кейин Курск областидаги позицияларини оммавий ташлаб кетаётганини рад этганди. Воқеалар версиясига кўра, чеченистонлик ҳарбийлар шунчаки украиналикларни пайқамай қолган, чунки улар «Ахмат» жангчиларининг ёнидан ўтиб кетган.

Кейинроқ Апти Алаудинов Курск областини муддатли ҳарбий хизматчилар ҳимоя қилиши керак бўлгани ҳақида гапирди. «Ҳозирда Мудофаа вазирлиги тасарруфида бўлган 18 ёшли фарзандларингиз душман ҳужум қилганда ва улар бизнинг ҳудудда бўлган вақтда ватанини ҳимоя қилмаса, сизларга бир саволим бор: сиз ва фарзандларингиз бу мамлакатга нима учун кераксизлар?», — дейди у. Йигитларнинг ота-оналарига мурожаат қилган «Ахмат» командири болалар «ватанни ҳимоя қилиш йўлида» ҳалок бўлса, улар «жаннатга тушишини» таъкидлаган.

Мавзуга оид