Жаҳон | 14:20 / 21.08.2024
2563
2 дақиқада ўқилади

Чикагода минглаб кишилар Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун намойишга чиқди

Куни кеча Чикагода Демократик партиянинг тўрт кунлик миллий қурултойи бошланди.

Фото: REUTERS/Marco Bello

Куни кеча тўрт кунлик Демократик партия миллий қурултойи бошланган Чикагода Фаластин тарафдори бўлган минглаб намойишчилар кўчаларга чиқди.

Кўп сонли таниқли демократ сиёсатчилар, жумладан, АҚШ президенти Жо Байден нутқ сўзлаган қурултой Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун минглаб одамларнинг митинги билан бирга кечди.

Намойишчилар «Ғазо секторидаги геноцидни тўхтатишни» талаб қилиб, АҚШнинг Исроилга кейинги ҳарбий ёрдамига қарши чиқди.

Намойиш 270 дан ортиқ Фаластин тарафдорлари ва турли ижтимоий талабларни илгари сурувчи ноҳукумат ташкилотлар аъзолари томонидан март ойида тузилган March on the DNC бирлашмаси томонидан ташкил этилган.

Бир гуруҳ намойишчилар Демократик партиянинг миллий қурултойи ўтказилаётган бино ёнида тўпланиб, АҚШ президенти Байден ва вице-президент Камала Ҳаррис эътиборини Ғазо секторидаги вазиятга қаратиш учун марш уюштирди. 

Фаластин тарафдорларининг юриши Америка оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, иштирокчилар «Ғазо секторида геноцидни тўхтатинг», «Геноцид Жо», «Фаластинга озодлик» шиорларини айтишди. Бундан ташқари, намойишчилар қўлларига «АҚШдан Исроилга ёрдам йўқ» деган ёзувли плакатларни ушлаб туришган. 

Таъкидланишича, намойишчилар АҚШ президенти Жо Байден кечқурун нутқ сўзлагунча норозилик акциясини давом эттирган.

Мавзуга оид