Ўзбекистон | 15:08 / 23.08.2024
16150
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Озарбойжон иттифоқдош давлатларга айланди

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Тошкентда «Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида»ги шартномани имзолади. Давлат раҳбарлари ҳузурида яна ўндан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси қарорини қабул қилди.

Давлат раҳбарлари ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

- Меҳнат фаолияти ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;

- Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

- Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси;

- Мактабгача таълим, касб-ҳунар таълими, ўрта махсус, олий таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённомалар;

- 2024-2026 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»;

- 2024-2026 йилларга мўлжалланган туризм соҳасидаги ҳаракатлар режаси;

- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Озарбойжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар давлат агентлиги ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Озарбойжон Республикаси Адлия вазирлиги Адлия академияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

- Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Озарбойжон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

- Суд экспертизаси марказлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида баённома.

Ташриф доирасида Тошкент ва Боку, Шаҳрисабз ва Байлаган, Жиззах ва Губа шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар ва бошқа икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Мавзуга оид