Россия расмий шахслари, Z-блогерлар ва пропаганда Telegram асосчиси Павел Дуров Францияда қўлга олинганини сўз эркинлигига ҳужум деб баҳоламоқда ва бу ҳодисани Жорж Оруэллнинг «1984» номли асаридаги антиутопияга қиёсламоқда. Айрим ҳарбий мухбирлар ва пропагандачилар Дуров ғарб махсус хизматларига шифрлаш калитларини беришидан хавотирда, уларнинг наздида, бу Россия армиясига зарба бўлади, чунки мазкур мессенжердан фронтда фаол фойдаланилмоқда.

Хусусан, пропагандачи Алексей Рогозин Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши РФ қуролли кучларининг алоқа бўйича бошлиғи ҳибсга олиниши билан тенглигини таъкидлаган. «Разведка маълумотлари, артиллерия нишонлари корректировкаси, коптерлардан видеооқимлар ва кўплаб маълумотлар Телеграм воситасида олинмоқда», — деган у.

Ҳолбуки бир неча йил муқаддам Россия ҳукуматининг ўзи Дуровдан шифрлаш калитларини беришни талаб қилган ҳамда уни ФХХ билан ҳамкорлик қилишга мажбурламоқчи бўлганди. У рад этганидан кейин тўрт йил мобайнида эса мессенжерни блоклашга муваффақиятсиз уриниб келди. Ва, афтидан, ҳамон Telegram фаолиятини чеклашга уринишларини тўхтатгани йўқ.

2015 йил куз

Давлат думаси депутати Александр Агеев ФХХдан «россиялик фойдаланувчилар»нинг Telegram’га кириш имкониятини чеклашни сўраган, буни иловадан ИШИД террорчилари фойдаланиши билан изоҳлаганди. Алоқа вазири Николай Никифоров қарши чиққанди: «Россияда Telegram ёки бошқа бирор мессенжерни ундан ИШИД террорчилари фойдалангани учун блоклаш — худди Россияда Toyota автомобилларини у ишидчилар орасида машҳур экани учун тақиқлашдек бўлади».

2017 йил ёз

Россия ҳукумати Telegram’ни Россияда рўйхатдан ўтказишни талаб қилди. Роскомнадзор раҳбари Александр Жаров Павел Дуровга очиқ хат ёзиб, агар талаб бажарилмаса, мессенжерни блоклаш билан таҳдид қилди. Дуров Жаровни «коммуникация қандай шифрланишини билмаслик» учун қоралади ва блокировка билан терроризм устидан ғалаба қозониш учун бутун интернетни блоклашга тўғри келишини айтиб жавоб беради. ФХХ Telegram’дан шифрлаш калитларини беришни талаб қилади. Дуров рад этади.

2017 йил куз

Москвадаги Мешчан суди Telegram’ни ФХХнинг маълумотларни бериш тўғрисидаги талабини бажармагани учун 800 минг рубл миқдорида жаримага тортади.

2018 йил баҳор

РФ Олий суди Telegram’нинг даъвосини рад этади. Роскомнадзор мессенжерни қонун бузилиши ҳақида огоҳлантирди ва шифрлаш калитларини топшириш учун 15 кун муҳлат берди. Муддат ўтиб кетгач, апрел ойида Роскомнадзор Telegram’ни блоклашга киришди. Ташкилотнинг уринишлари Viber, Skyeng ва бошқа компаниялар ҳамда дўконлар фаолиятида узилишларга сабаб бўлди. Telegram эса фойдаланувчиларнинг аксарида блокировкани айланиб ўтиш воситаларисиз ҳам ишлашда давом этди, мессенжер трафиги ортди.