Жаҳон | 15:41 / 29.08.2024
1784
3 дақиқада ўқилади

Россия дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш статистикасини махфийлаштирди

Россия ҳукумати мамлакатдаги энг йирик Омск нефтни қайта ишлаш заводида рўй берган портлашдан сўнг дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш бўйича маълумотларни ёпишга қарор қилди. Аввалроқ Росстат автобензин ишлаб чиқариш бўйича статистик маълумотларни махфийлаштирган эди.

Фото: РИА Новости / Павел Бедняков

Россиядаги нефт базалари ва нефтни қайта ишлаш заводларида содир бўлган бир қатор ёнғинлардан сўнг, Россия ҳукумати мамлакатда ёнилғи ишлаб чиқариш бўйича янги маълумотларни «махфий» деб таснифлади. Федерал давлат статистика хизматининг 28 август куни эълон қилинган ҳисоботидан дизел ёнилғиси, мазут, суюлтирилган пропан ва бутан ишлаб чиқариш бўйича рақамлар олиб ташланди. Бу маълумотлар энди «Россия ҳукумати қарори асосида» нашр этилмайди, деб хабар берди Росстат.

Май ойининг охирида Росстат автобензин ишлаб чиқариш бўйича статистик маълумотларни махфийлаштирганди. Россия Энергетика вазирлиги бу чорани геосиёсий вазият ва «иштирокчилар томонидан бозорни манипуляция қилиш» таҳдиди билан изоҳлади.

Федерал хизматнинг янги шарҳида айтилишича, «кўпинча Росстат томонидан эълон қилинган мотор ёнилғиларини ишлаб чиқариш бўйича статистик маълумотлар бозорга асоссиз босим ўтказиш ва сунъий ажиотаж яратиш учун ишлатилиши мумкин».

Омск нефтни қайта ишлаш заводидаги портлаш

Статистикани махфийлаштириш қарори Россиядаги энг йирик Омск нефтни қайта ишлаш заводида содир бўлган портлашдан икки кун ўтиб қабул қилинган. Мамлакатдаги барча бензин ва дизел ёнилғисининг ўндан бир қисмини ишлаб чиқарадиган заводдаги авария натижасида АВТ-11 нефтни бирламчи қайта ишлаш блоки ишламай қолди. Натижада Омск нефтни қайта ишлаш заводи қувватининг 41 фоизини йўқотди, деб хабар берди Reuters манбасига таяниб. Ишчилардан бирининг ўлимига сабаб бўлган ҳодиса сабаблари расман маълум қилинмаган.

Ўтган йили Омск нефтни қайта ишлаш заводи 21,28 миллион тонна нефтни қайта ишлади ва 5,07 миллион тонна автомобил бензини (Россия Федерациясидаги ишлаб чиқаришнинг 11,5 фоизи), 8,1 миллион тонна дизел ёнилғиси (9,2 фоиз) ва 1,63 миллион тонна авиакеросин (15 фоиз) ишлаб чиқарди.

20 август куни Украина дронининг зарбаси туфайли Ростов вилояти Пролетар туманидаги Давлат захираси ёнилғи омборида ёнғин содир бўлди. 10 минг квадрат метр майдонни қамраб олган ёнғинни ўчириш ҳали ҳам давом этмоқда. 28 август куни УУА Киров вилоятининг Котелнич шаҳридаги нефт омборига ва Ростов вилоятининг Каменский туманидаги ёнилғи омборига ҳужум қилди. Губернатор Александр Соколовнинг сўзларига кўра, биринчи ёнғин тезда ўчирилган, иккинчисини ўчириш давом этмоқда. 

Мавзуга оид