Москвадаги 235-гарнизон ҳарбий суди Поповни тергов изоляторига жўнатди. «Медиазона» хабарига кўра, суд мажлиси «тергов сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар ошкор этилиши эҳтимоли туфайли» ёпиқ режимда ўтказилган.

Тергов қўмитаси маълумотига кўра, Россия мудофаа вазири собиқ ўринбосари Павел Поповга нисбатан фирибгарлик (РФ ЖК 159-моддаси, 4-қисми) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов версиясига кўра, Попов 2021–2024 йилларда «Патриот» парки ҳисобидан бойлик орттирган, у собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгунинг ўринбосари сифатида ушбу парк ривожлантирилиши ва фаолияти учун масъул эди.

Тергов қўмитаси тасдиқлашича, Попов қўли остидаги ходимлар орқали «Патриот» паркида қурилиш ишларини олиб борган компанияларни «ўзининг шаҳар ташқарисидаги мулкларида пул тўланмаган ҳолда қурилиш-монтаж ишларини бажариш»га мажбур қилган.

Тергов версиясига кўра, Попов уй қурилиши якунланганидан кейин парк маблағлари ҳисобидан «ўзининг уч гектарга яқин майдондаги участкасининг техник ва хўжалик таъминотини давом эттирган».

Шунингдек, Тергов қўмитаси қайд этишича, Попов ва унинг оиласи аъзолари Москва шаҳри, Москва области ва Краснодар ўлкасида «кўп сонли кўчмас мулк объектлари»га эгалик қилади, оилага тегишли мулкларнинг жами қиймати 500 млн рублдан ортиқни ташкил этади.

Қўмитага кўра, Павел Попов паркнинг август ойи бошида қўлга олинган директори Вячеслав Ахмедов ва РФ мудофаа вазирлиги Инновацион ривожланиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Владимир Шестеров билан тил бириктирган.

Улар «Патриот» парки фаолияти ва ишлашини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағларини ўғирлашда гумон қилиб ушланганди. Кейинроқ Ахмедов ҳибсга олинди, Шестеров эса уй қамоғига юборилди.

Попов ҳибсга олинганидан кейин «РИА Новости» Ахмедов ва Шестеров армия генералига қарши кўрсатма бергани ҳақида ёзди, ТАСС маълумотида эса унга қарши фақат Ахмедов гувоҳлик бергани айтилган. Икки агентлик ҳам аноним манбаларига ҳавола қилган, бу маълумот расман тасдиқланмаган.

«Попов ўз алоқадорлигини рад этди, паркка у раҳбарлик қилмаган», — деган журналистларга унинг адвокати Игор Дюкин.

Армия генерали Попов қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш бўйича судда
Sergei Bulkin/TASS

Ҳибсга олинган генераллар