2024/25 йиллар мавсуми Европа футболида — тарихий бўлади. Афсонавий Чемпионлар лигаси янгича форматда дебют қилади: бу қандай бўлади?
Иштирокчилар
Бугун, 29 август куни, Тошкент вақти билан 21:00 да Чемпионлар лигаси учун қуръа ташлаш маросими бошланади. Авваллари бу гуруҳ босқичи деб аталарди, аммо энди гуруҳлар йўқ.
Янги мавсумда иштирокчилар сони ошган — энди 32 клуб ўрнига биринчи босқичда 36 клуб қатнашади.
Йўлланмалар тақсимоти сон ошиши ҳисобига бироз ўзгарган. Янги мавсумдан математика қуйидагича:
— 25 ўрин — миллий чемпионатлардаги тўғридан тўғри йўлланмалар;
— 2 ўрин — «еврокубоклардаги натижалар учун йўлланмалар» деб аталади. Бу квоталар ҳар мавсумда лигаларнинг еврокубоклардаги сўнгги натижалардан келиб чиққан ҳолда уларнинг вакилларига берилади. Бу мавсумда бу ўринлар «Болоня» (Италия) ва «Боруссия» (Германия)га насиб қилган;
— 2 ўрин — ЕЧЛ ва ЕЛ ғолибларига. Улар миллий чемпионатлардаги ўринлари эвазига сараланган тақдирда, йўлланмалар қайтадан тақсимланади. Бу мавсумда вазият айнан шундай бўлди, шу туфайли «Шахтёр» ва «Бенфика»га ўтди;
— 7 ўрин — саралаш босқичидан ўтганларга («Янг Бойз», «Спарта», «Ред Булл Залцбург», «Слован» Братислава, «Црвена Звезда», «Лилл», «Динамо» Загреб).
Умумий босқич формати
Саккиз квартетдан иборат гуруҳ босқичи энди йўқ. Унинг ўрнига 36 клуб УЕФА рейтингига қараб тўрт саватчага ажратилган:
— энг кучлилар;
— кучлилар;
— ўртамиёналар;
— кучсизлар.
Саватчаларнинг ҳар бирида — тўққизтадан жамоа ўрин олган. Энди фақат Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолибигина биринчи саватчага жойлаштирилади (аввал Европа Лигаси ғолиби ва етакчи лигаларнинг чемпионлари ҳам биринчи саватчада бўларди). Қолган клублар еврокубоклардаги сўнгги беш мавсумдаги коэффициентларига кўра жойлашади. Саватчалар қуйидагича кўринишда:

Бу сафар клублар дастлабки босқичда уч рақиб эмас, балки саккиз рақибга қарши ўйнайди — ҳар саватчадан иккитадан жамоага қарши биттадан ўйин. Барча клублар тўрт ўйинни ўз майдонида, яна тўрттасини сафарда ўтказади. Ҳар бир жамоа ҳар бир саватдан биттадан рақибни ўз уйида қабул қилади. Айтиш мумкинки, энди биринчи саватчадан ўрин олиш олдингидек фойдали бўлмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳар бир саватдан иккитадан рақибга қарши ўйнашга тўғри келади.

















