Жаҳон | 16:45 / 30.08.2024
1808
3 дақиқада ўқилади

Кулеба Брюсселда Киевга ҳарбий ёрдамни тезлаштиришни муҳокама қилади

Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Брюсселда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашувида иштирок этмоқда.

Фото: AP

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги норасмий учрашувида Киев Россия ҳудудига чуқур зарбалар бериш қонунийлиги масаласини кўтаради, деди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба. «Биринчи навбатда, бизнинг кун тартибимиздаги ҳал этилмаган масалалардан бири бу Украинага қонуний - таъкидлайман: қонуний равишда Россия ичкарисидаги ҳарбий нишонларга зарба беришдир», - деди Кулеба. Бу ҳақда 29 август, пайшанба куни «Укринформ» агентлиги маълум қилди.

«Агар биз етарлича ракета олсак, зарбалар беришимизга рухсат берилса, Россиянинг муҳим инфратузилмамизга зарар етказиш қобилиятини сезиларли даражада камайтирамиз ва бўлинмаларимизнинг аҳволини яхшилаймиз», — дея қўшимча қилди у.

Киевга қурол етказиб беришни тезлаштириш

Украина вазири, шунингдек, Ғарбнинг ҳарбий ёрдам эълон қилиши ва унинг амалда етказилиши ўртасидаги вақт оралиғига эътибор қаратди. «Баъзида бу интерваллар ҳаддан ташқари узун бўлади. Икки ярим йиллик урушдан кейин бундай нарсалар Швейцария соатлари каби, кечиктирмасдан, иложи борича самарали ишлаши керак», деб таъкидлади Кулеба.

Ташқи ишлар вазири, шунингдек, Украинанинг қурол ва жиҳозларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришига сармоя киритишга чақирди, чунки бу қадам, унинг сўзларига кўра, логистикани соддалаштиради.

«Баъзи Patriot тизимлари ваъда қилинган ва ҳали ҳам етказиб берилмаган», деди вазир ўқув йилининг яқинда бошланиши ва мактаб ўқувчиларини ҳимоя қилиш зарурлигига эътибор қаратиб. «Мен мажбуриятларни зиммасига олган барча ҳамкорларни қурол етказиб беришни тезлаштиришга чақираман», - дея таъкидлади Кулеба.

Ғарб ҳарбий хизматга мажбур украинларни қайтаришда Киевга ёрдам бермайди

Ғарб давлатлари Киевга ўз ҳудудида ҳарбий хизматга мажбур бўлган украиналикларни топиш ва уларни Украинага юборишда ёрдам беришдан бош тортди, деб хабар берди Bloomberg. Унга кўра, Украина президенти Володимир Зеленский икки томонлама учрашувлар доирасида иттифоқчилардан бу ҳақда сўраган. Бироқ, нашрнинг таъкидлашича, «Полшадан Венгриягача бўлган» давлатлар сиёсатчилари уруш давом этар экан, украиналик қочқинларни ўз ватанларига жўнатмасликларини айтишган.

Bloomberg таъкидлашича, Ғарб давлатлари қочқинларни қабул қилишида гуманитар жиҳатдан ташқари, иқтисодий томон ҳам мавжуд - ишчи кучи тақчиллиги. Хусусан, минглаб украиналик эркаклар уруш бошланишидан олдин узоқ йиллар Полша ва Чехияда ишлаган. Россия ҳужуми бошланганидан бери кўпчилик жангларда қатнашиш учун ўз ватанига қайтиб келди. Қурилиш ва транспорт каби тармоқларда ишчи кучининг чиқиб кетиши сезила бошлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид