Ўзбекистон | 08:28 / 31.08.2024
5048
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳалқа автомобил йўлининг бошқа тирбанд чорраҳаларида ҳам йўл ўтказгичлар қурилади

Президент Темур Малик кўчасидаги янги йўл ўтказгични бориб кўраркан, Тошкент ҳалқа автомобил йўлининг бошқа тирбанд чорраҳаларида ҳам шундай йўл ўтказгичлар қуришни буюрди, дея маълум қилди Автомобил йўллари қўмитаси раҳбари Жамшид Турсунов.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Темур Малик кўчасидаги (Тошкент ҳалқа автомобил йўлининг бир қисми) янги йўл ўтказгични бориб кўрар экан, ТҲАЙ бўйлаб бошқа гавжум чорраҳаларда ҳам худди шундай йўл ўтказгичлар қуриш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

«Ҳурматли президентимиз ушбу иншоотлари билан танишувлари давомида бизга қисқа вақтда ТҲАЙни ва шаҳардаги энг катта тирбанд чорраҳаларни тўлиқ ўрганиб чиқиб, ўша чорраҳаларда мана шу каби металл конструкцияли йўл ўтказгичларни қуриш бўйича топшириқ берди», — деди у.

«Албатта, биз — мутахассислар Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда чорраҳаларни қисқа муддатда хатловдан ўтказиб, тажрибамизни янада оширган ва янги лойиҳаларни қўллаган ҳолда ҳамшаҳарларимизга янги-янги иншоотларни қуриб, фойдаланишга топширамиз», — дея қўшимча қилди Жамшид Турсунов.

Реконструкция жараёнида йўл ўтказгич остидаги Темур Малик кўчаси тўрттадан олти тасмалига кенгайтирилди. Буюк ипак йўли кўчасидан чиқиш йўллари қўшилди ва йўл ўтказгичнинг ўзида ҳам, чиқиш чорраҳаларида ҳам бурилишлар ташкил этилди.

Мамлакатда биринчи марта йиғма темир конструкцияли йўл ўтказгич қурилган. Жамшид Турсуновнинг сўзларига кўра, бундай йўл ўтказгичнинг анъанавий бетон ва монолитга нисбатан афзаллиги шундаки, у 2,5−3 баравар енгил, 30 фоизга арзон, фойдаланиш харажатлари 4−5 баравар кам ҳамда хизмат муддати 100−120 йилни ташкил этади.

«Илгари 25 мингта автотранспорт воситаси бир кунда ҳаракат қиларди, янги иншоотни қурганимиздан сўнг ҳозирги кунда 50 мингдан ортиқ транснорт воситаси тўсиқсиз ҳаракатлана олиш имкони пайдо бўлди», — деди қўмита раҳбари.

Мавзуга оид