Лвив шаҳри маъмурияти раҳбари Андрей Садовой ўз телеграм-каналида ракета зарбаси оқибатида шаҳарда етти киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Қурбонларнинг уч нафари болалар.
53 киши яраланиб шифохонага ётқизилган, шундан камида етти нафари болалар. Яраланганлардан беш нафари оғир аҳволда.
Қурбонлардан бири шаҳар поликлиникасида ишловчи 50 ёшли ҳамшира, яна бири 14 ёшли қиз экани маълум.
Зарба оқибатида асосий вокзал ҳудуди шикастланган. Шаҳар марказида жами 50 дан ортиқ бинога зарар етган, жумладан икки мактаб ва иккита тиббиёт муассасасига.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 5:40 атрофида Лвив маркази устидан бир неча ракета учиб ўтган, шундан кейин жуда кучли портлаш овозлари эшитилган ва чақнаш кўринган.
Шаҳар узра қуюқ тутун кўтарилган, зарба келиб тушган жойларга тез ёрдам кареталари етиб келган.

«Шаҳардаги оддий турар жойлар, мактаблар, тиббиёт муассасалари жабрланди», — дея Лвив бўйлаб зарбага муносабат билдирган Украина президенти Володимир Зеленский.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, тунда Лвивдан ташқари Кривий Риҳга ҳам ҳужум қилиниб, бу ерда беш киши жароҳатланган. У «террорга адолатли жавоб қайтариш» учун яна бир бор иттифоқчилардан Украинага узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллар сўраган.
Садовойнинг хабарига кўра, зарба ҳудудига айланган учта кўчада жойлашган уйларнинг кўплаб деразалари тўкилиб тушган. Бундан ташқари, шаҳар ўққа тутилиши туфайли иккита мактабда ўқув йили очилиши кейинга қолдирилган.
Садовой темирйўл вокзали атрофидаги вайронгарчиликлар акс этган фотосуратларни ҳам намойиш этган. Суратда Анна ва Елизавета черкови акс этган бўлиб, уни шаҳарга келган сайёҳлар вокзалдан шаҳар марказига келишда томоша қилишлари мумкин эди.
Лвив области маъмурияти раҳбари Максим Козицкий област ҳудудига «Shaheed» дронлари ва «Кинжал» ракеталари билан комбинациялашган ҳужум уюштирилганини маълум қилган. У зарба берилган ҳудудларда инфратузилмалар ҳам, ҳарбий объектлар ҳам бўлмаганини қўшимча қилган.

Тунги ҳужум
Тун аввалида Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари Россиянинг Ту-95МС русумли бир неча стратегик бомбардимончилари Оленя аэродромидан ҳавога кўтарилганини маълум қилган.





















