АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украинага умумий қиймати 717 миллион доллар (635 миллион евро) миқдорида гуманитар ёрдам ажратилишини маълум қилди. Америка дипломатияси раҳбари ва унинг британиялик ҳамкасби Дэвид Лэмми 11 сентябр, чоршанба куни Киевга ташриф буюрди.
Гуманитар ёрдам - миллионлаб украиналикларни асосий хизматлар, хусусан, озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармонлар билан таъминлаш учун - 290 миллион доллар ажратилади. Яна 325 миллион доллар Украинанинг энергетика ва электр тармоқларини тиклашга мўлжалланган. Бундан ташқари, Киев «Россия бутун Украина бўйлаб қолдирган» миналар ва ўқ-дориларни тозалаш учун 102 миллион доллар олади», деб қўшимча қилди Блинкен.
Киев ATACMS’дан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида
Украина Вашингтондан АҚШ томонидан тақдим этилган узоқ масофали ATACMS ракеталарини Россия ҳудудидаги нишонларга қарши ишлатишга рухсат сўрамоқда. Киевдаги матбуот анжуманида Энтони Блинкен «АҚШ президенти» Жо Байденни Украина пойтахтида ушбу мавзу бўйича муҳокама натижалари ҳақида хабардор қилинишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ATACMS масаласини муҳокама қилишда Россия Федерациясида нишонларга қарши бундай қуроллардан фойдаланишга рухсат бериш кескинлашувга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар рол ўйнайди ва бу эътиборга олиниши керак бўлган ягона ҳолат эмас.
«Қўшма Штатлар мисолида, биз ўзгарган эҳтиёжларга мослашдик, чунки жанг майдонидаги вазият ўзгарган ва биз буни давом эттиришимизга шубҳа қилмайман», деб таъкидлади АҚШ Давлат департаменти раҳбари.
Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига Энтони Блинкен ва Дэвид Лэмми билан музокараларни «батафсил ва самарали» деб атади. Сибига аниқлик киритишича, улар Киевга қурол-яроғ, хусусан, ҳаво ҳужумидан мудофаа ускуналари етказиб бериш масаласини муҳокама қилган ва АҚШ узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилишга чақирилган.
Блинкен ва Лэмми Зеленский билан Украинанинг ЕИ ҳамда НАТОга қўшилиш йўлини муҳокама қилди
Блинкен ва Лэмми Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди. Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 79-сессияси, унинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши ҳамда ташкилот низоми тамойилларини муҳокама қилди.
Сиёсатчилар, шунингдек, Украинанинг НАТО ва ЕИга аъзо бўлиш йўлидаги муваффақияти ҳамда «Киевнинг Евроатлантика йўлини қўллаб-қувватловчи инвестицияларни жалб қилиш ва институтларни мустаҳкамлаш» саъй-ҳаракатларига ҳам тўхталиб ўтишди, деб хабар берди АҚШ Давлат департаменти.















