12 сентябр куни Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги «Учқўрғон» чегара божхона пости (Қирғизистон томонидан «Кенсай») тантанали равишда очилди.

Мазкур божхона постидан бир кунда ўртача 10 минг нафар фуқаро ўтиши мумкин. У орқали 500 дан ортиқ юкли ҳамда 300 дан ортиқ енгил автотранспорт воситаси ҳаракатланиши кутилмоқда.

Ушбу пост географик жиҳатдан бевосита Қирғизистоннинг «Ўш-Бишкек» довон автойўлига яқин ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг «Учқўрғон-Автойўл» ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги «Кенсай-Автойўл» назорат-ўтказиш пунктлари сайёҳларнинг Қирғизистон ҳамда Хитойга ўтиб қайтишлари ва транзит ўтишлари учун энг қисқа йўл ҳисобланади.

Тожикистоннинг Хўжанд вилоятидан Россия, Хитой ҳамда Қирғизистон давлатларига олиб ўтиладиган транзит юклар ҳам «Учқўрғон» чегара пости орқали ҳаракатланиши натижасида Андижон вилояти «Дўстлик» чегара постидаги транспорт оқими 30−40 фоизга камайиши кутилмоқда.

Аввалроқ Андижон вилоятидаги Қирғизистон билан чегарадош «Қорасув» чегара божхона пости 14 йиллик танаффусдан сўнг қайта очилганди.