Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Германиянинг DB Engineering Consulting Operations Group компанияси Германия темирйўллари (Deutsche Bahn) учун мутахассислар тайёрлашга қаратилган баённома имзолади. 

Энди ушбу мамлакатда транспорт, муҳандислик соҳаларида ишлаш истагида бўлган ўзбекистонликлар уларнинг стандартлари асосида Бандлик ва Транспорт вазирликлари қошидаги касбий таълим муассасаларида ўқитилади. Тил ва касб ўргатиш дарслари германиялик мутахассислар томонидан олиб борилади.

«Германия темирйўл транспорти, автобус, метрополитен тизими учун мутахассисларга эҳтиёжимиз баланд ва уларни немис стандартлари асосида Ўзбекистонда ўқитиб, касб ва тил имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган номзодларни эса Deutsche Bahn тармоғига ишга жойлаштиришга тайёрмиз», — деди Нико Варбанофф.