РФ қуролли кучлари ва Украина қуролли кучлари Курск областида бир-бирининг позицияларига ҳужум қилишда давом этмоқда. Россиянинг Суджадан ғарбдаги ҳудудлар томон юриши секинлаб қолди, бунга август ойида РФ ҳудудида плацдарм ташкил этган ва кейинроқ захиралар билан кучайтирилган украин бригадалари янада ғарброқда — Глушково райони маркази яқинида чегарани кесиб ўтгани сабаб бўлди. Лекин ҳозирча украинларнинг қарши зарбасига чуқурлик ва кучлар етарли бўлмаяпти. Жанг тақдири армиялардан қайси бири рақибининг иккинчи мудофаа чизиғини биринчи бўлиб ёриб ўтишига (умуман, бунга муваффақ бўлинса) боғлиқ бўлади. РФ қуролли кучлари муваффақиятга яқинроқ — улар аллақачон муҳим аҳамиятга эга Любимовка қишлоғини штурм қилмоқда. Унинг бой берилиши Украина қуролли кучларининг Суджадан ғарбдаги ҳудудлардаги гуруҳи таъминотини кескин ёмонлаштиради.

Курск области

Россия қарши ҳужумининг асосий зарбаси йўналиши аниқ бўлгач (Коренево ва Глушководан шарққа, Суджа томонга), Украина қуролли кучлари бу ҳолат учун олдиндан тайёрлаб қўйилгани кўриниб турган режани ишга туширди. Аниқроқ айтганда — РФ қуролли кучларининг юриш қилаётган гуруҳи қанотига чегара орқали зарба йўллади.

Икки бор зарба берилди — Глушково райони марказидан жанубда ва жануби-шарқда. Украина қуролли кучлари чегара орқали рақиб мудофаасига фақат бир неча километр кириб бора олди — Россия захиралари уларни Веселое қишлоғи яқинида тўхтатди.

Катта эҳтимол билан, бу захира кучлар Россиянинг Снагост дарёси бўйидаги Николаево-Дарино, Дарино ва Любимовка қишлоқлари устига юришида иштирок этиши керак эди. РФ қуролли кучлари қарши ҳужум бошида бу аҳоли яшаш манзилларига яқинлашиб келган, аммо уларни қайтариб ололмаганди. Россия қўшини учун яна бир эҳтимолий муаммо — қишлоқлар РФ қуролли кучлари қарши ҳужуми бошланган позициялардан узоқда (15 километр атрофида) жойлашганидир. Ҳужум бошланган нуқтада (олдинги фронт чизиғидан бир неча километр ичкарида) Россия артиллерияси ва дрон операторлари позициялари жойлашган, улар учун  Любимовка етиб бўлмайдиган масофа ҳисобланади.

Россия қўмондонлиги сюрприз тайёрлаган бўлиши ҳам мумкин — Любимовкага «рўпарадан» ҳужум қилмасдан, чегара орқали Суджа — Суми трассасининг (бу Украина қуролли кучларининг Курск областидаги гуруҳи учун асосий таъминот йўли ҳисобланади) Украинанинг Суми областидан ўтган қисмига зарба бериш орқали. РФ қуролли кучлари бундай зарба беришда чегара яқинида плацдарм вазифасини ўтайдиган ҳудудни эгаллаган. Ва бундай хавф туғилгани Украина қуролли кучлари қўмондонлигини ўз кучларини чегара ҳимоясига ажратишга ҳам мажбур қилиши керак.