Жаҳон | 10:01 / 28.09.2024
2764
2 дақиқада ўқилади

Доғистонда АЁҚШда содир бўлган портлашда 10 киши ҳалок бўлди

Маҳачқалъа чеккасидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида камида битта портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди. Айрим маълумотларга кўра, бунга бензин ёниши сабаб бўлган. Ҳодиса оқибатида 10 киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди.

Фото: Россия ФВВ

27 сентябр, жума куни Маҳачқалъа чеккасида жойлашган Новий Хушет поселкасидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди, натижада 10 киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди, деб хабар бермоқда «Интерфакс» агентлиги Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб. Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазирининг ёрдамчиси Алексей Кузнецовнинг маълум қилишича, саккиз нафар жабрланувчи касалхонага ётқизилган, улардан бирининг аҳволи оғир.

Соат 20.00 га келиб ёнғин 500 квадрат метр майдонни қамраб олди. SHOT Telegram-каналининг ёзишича, портлаш эпицентрига яқин жойда жойлашган ёнилғи қуйиш шохобчаси ошхонасидан 14 киши қутқариб олинган. Нашрнинг хабар беришича, ошхона яқинидаги девор қулаган, қутқарувчилар вайроналарни тозалаш билан шуғулланяпти.

Воқеа юзасидан «хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ва икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган хизматлар кўрсатиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бундай жиноят учун максимал жазо — етти йил қамоқ. SHOT нашрининг ёзишича, портлаш бензин ёниши натижасида содир бўлган. Бошқа манбаларда бу маълумот тасдиқланмаган.

Доғистонда 28 сентябр портлаш қурбонлари хотирасига мотам куни деб эълон қилинди, деб хабар берди республика раҳбари матбуот хизмати.

Мавзуга оид