«Важные истории» нашри маълумотига кўра, 21 август, жума куни кечқурун Геленжик ва унинг атрофида бензин захиралари тўлиқ тугаган. Архипо-Осиповка қишлоғидаги сўнгги ёнилғи қуйиш шохобчасида ҳам АИ-92 ва АИ-95 бензини қолмаган.
Кун давомида айрим АЁҚШ олдида юзлаб автомобиллар навбатда турган. «Осторожно, новости» Telegram-канали маълумотига кўра, баъзи ҳайдовчилар бензин олиш учун 16 соатдан зиёд вақт давомида навбат кутишга мажбур бўлган.
Бундан аввал шунга ўхшаш хабарлар Сочи ва Краснодар ўлкасининг бошқа аҳоли пунктларидан ҳам келиб тушган эди. Сочи маъмурияти шаҳардаги ёнилғи билан боғлиқ вазиятни кескин деб баҳолаб, маҳаллий аҳоли ва сайёҳларни шахсий автомобилларда сафар қилишдан имкон қадар тийилишга чақирган.
Россияда ёқилғи танқислигининг янги тўлқини август ойининг ўрталарида бошланган. 10–15 август кунлари мамлакатнинг камида олтита ҳудудида бензин сотиш бўйича чекловлар қайта жорий этилган ёки аввалги чекловлар кучайтирилган.
«Известия» газетаси «ГдеБенз» маълумотларига таяниб хабар беришича, 18 август ҳолатига кўра, Россиядаги АЁҚШнинг атиги 28,1 фоизида бензин ва дизел ёнилғиси мавжуд бўлган. Бир ҳафта аввал эса бу кўрсаткич 41 фоизни ташкил этган.
Манбада Россиядаги ёнилғи инқирози Украина Қуролли кучларининг нефтни қайта ишлаш заводларига мунтазам зарбалари билан боғланган. Вазият май ойи охирида кескинлашгани айтилмоқда.
Ёнилғи сотиш бўйича турли чекловлар Россиянинг 40 дан ортиқ ҳудудида расман жорий этилган.









